? Бизнинг компаниямиз фирманинг хизмат эҳтиёжларини қондириш учун турли ходимларга бир нечта корпоратив банк карталарини тайёрлатмоқчи. Ташкилотда ходимлар корпоратив картадан фойдаланишлари бўйича қандайдир қоида борми?
Ходимлар корпоратив картадан эркин тарзда фойдаланишлари учун ташкилот:
- корпоратив карталардан фойдаланиш тўғрисида низом ишлаб чиқиши;
- меҳнат мажбуриятлари ташкилотда корпоратив картадан фойдаланишни кўзда тутадиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаши;
- лавозимлари рўйхатда кўрсатилган барча ходимларни низом билан имзо қўйдириб таништириши;
-ташкилотда корпоратив банк карталарини қабул қилиш ва бериш ҳисобини ташкил қилиши керак.
Корпоратив карталардан фойдаланиш тўғрисидаги низом хизмат вазифаси юзасидан бу жараёнга шундай ёки ўзгача тарзда жалб қилинган ходимлар учун услубий қўлланма ҳисобланади. Мазкур ҳужжатни тузишда “Корхона юристи” электрон маълумотнома тизими ёрдам беради.
Корпоратив карталардан фойдаланиш тўғрисидаги низомда қуйидагиларни ўрнатишни тавсия этамиз:
- ходим томонидан корпоратив карта орқали амалга оширилиши мумкин бўлган харажатлар ва операциялар рўйхати;
- корпоратив карта бўйича ҳисоб-китоблар лимити. Улар турли лавозимлар учун фарқланиши мумкин;
- ходим картани қайтариши лозим бўлган муддат;
- карта сақловчиси томонидан сарф қилинган сумма бўйича ҳисобот тақдим қилиш тартиби;
- ходим ташкилотга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда аванс ҳисоботи тақдим этиши лозим бўлган муддат. Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низомда (18.04.2005 й.даги 1470-сон) 10 кунлик муддат белгиланган.
- харажатлар учун тўловлар тасдиғи сифатида қабул қилинадиган ҳужжатларнинг тахминий рўйхати. Улар намуналари альбомини тузиш ва уни Низомга илова қилиш. Шунда ходимлар карта орқали тўловни амалга оширганда қандай ҳужжатни талаб қилиш ҳақида визуал тасаввурга эга бўладилар;
- пинкод тўғрисидаги маълумотлар ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича талаблар;
- картани йўқотганда амалга ошириладиган ҳаракатлар тартиби;
- ўрнатилган тартибни бузганлик учун жавобгарлик турлари ва карта сақловчилари томонидан зарар ўрнини тўлдириш тартиби.
Корпоратив карталардан фойдаланиш ҳуқуқига карта расмийлаштирилган ходимлар эга.
Корпоратив карталарни расмийлаштирганда ташкилот раҳбар томонидан тасдиқланган картадан фойдаланиш ҳуқуқига эга ташкилот ходимлари рўйхатини банкка топширади.
Агар ташкилот раҳбари номи кўрсатилмаган корпоратив карталардан фойдаланиш қулайроқ деган қарорга келса, уларнинг ўрнига номи кўрсатилмаган корпоратив карталардан компания номидан ва унинг манфаатлари учун товарлар ва хизматлар учун тўловни амалга оширишда фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Рўйхат тузганда шуни назарда тутиш лозимки, у бутунлай штат жадвалини такрорлай олмайди. Оқилона танловни амалга ошириш лозим ва унга хизмат мажбуриятлари товарлар ва хизматлар учун тўловни амалга ошириш кўзда тутилмаган лавозимларни киритиш керак эмас.
Ходимларни низом билан имзо қўйдириб таништиринг
Улар учун номи кўрсатилган карталар чиқарилган ва лавозимлари буйруқда келтирилган барча ходимларни корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги тасдиқланган низом билан имзо қўйдириб таништириш лозим.
Танишганлик фактини низомнинг охирги бетида ёки алоҳида ҳужжатда (масалан, ведомостда ёки журналда) қайд қилиш мумкин.
Корпоратив карталарни сақлаш, бериш ва қайтариш
Корпоратив карталарнинг йўқолишини, шунингдек маблағларни мақсадга мувофиқ ишлатмаслик ёки ўғирланишини истисно қилиш учун компанияда корпоратив карталарни сақлашни ва унинг ҳаракатини жиддий назоратга олиш керак.
Номи кўрсатилган корпоратив банк карталари, башарти карта сақловчилари хавфсизлик талабларига риоя қилсалар, уларнинг қўлларида сақланиши мумкин.
Кўрсатилган харажатлар бўйича батафсил тушунтирувлар билан «Амалий бухгалтерия» ЭМТда танишишингиз мумкин.
Картани ходимга топширишни ҳужжатда расмийлаштириш қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган.
Бу тартибни корпоратив карталардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда тасдиқлаган маъкул.
Тартиб қуйидагича бўлиши мумкин:
- ходим кўзда тутилаётган пул маблағларини сарфлаш мақсадларини асослаган ҳолда номи кўрсатилмаган корпоратив карта берилишини сўраб ариза ёзади;
- ваколатли раҳбар ходимнинг аризасини имзолайди ва номи кўрсатилмаган карта лимитини кўрсатади.
Эътибор беринг: ташкилот мустақил равишда корпоратив карталардан фойдаланиш шартларини лавозимлар бўйича даражаларга бўлиш ҳуқуқига эга.
Корпоратив карталар низом билан белгиланган муддатга берилади.
Карта компания низомида кўрсатилган муддатдан фарқ қилувчи анча узоқ муддатга компания раҳбарининг фармойиши асосида берилиши мумкин.
Агар ходим мунтазам хизмат сафарига борса, раҳбарнинг алоҳида фармойиши билан унга корпоратив картани анча узоқ муддатга бериш мумкин.
Агар номи кўрсатилмаган корпоратив карта муддатида қайтарилмаган бўлса, унинг ҳаракатини назорат қилишга ваколатли шахс бу ҳақда бош бухгалтерга хабар бериши керак.
Сўнгра картани блокировка қилиш тўғрисида ёки айбдор ҳисобдор шахс билан масалани ҳал қилиш бўйича қарор қабул қилинади.
Корпоратив карталар ҳаракатини ҳисобга олиш журнали
Карталарни қабул қилиш ва беришни рўйхатга олиш журналида (корпоратив банк карталари ҳаракати журналида) корпоратив картани бериш санаси, муддати ва мақсади, унинг рақами, лимити, ходимнинг лавозими ва фамилиясини қайд қилинади.
Ходим томонидан корпоратив картани олиш ва қайтариш фактлари журналда ҳисобдор шахс ва уларни сақланиши учун масъул бўлган бухгалтерия ходими имзолари билан тасдиқланиши керак.
Ишлатилган пуллар учун қандай ҳисобот берилади
Ходимларнинг корпоратив карта орқали пул маблағларини сарфлаш тўғрисида ҳисобот бериш тартиби Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низомда (18.04.2005 й.даги 1470-сон) белгиланган.
Елена ЕРМОХИНА,
бизнинг эксперт-юристимиз.