? Бизнинг компания лизинг хизматлари кўрсатади. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент лизинг операциялари ўтказилиши устидан назорат қилиши ҳақида эшитиб қолдик. Бу қандай тартибда амалга оширилади ва аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун қандай жавобгарлик кўзда тутилган?
- www.norma.uz
- Ҳафта саволи
- Лизинг операциялари амалга оширилишини ким назорат қилади?
Лизинг операциялари амалга оширилишини ким назорат қилади?
16.02.2017
– Лизинг хизмати кўрсатувчи ташкилотлар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши Ички назорат қоидалари тасдиқланган (кейинги ўринларда – Қоидалар). Мазкур механизмда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) махсус ваколатли орган ҳисобланади. Эҳтимол, Сиз назоратнинг шу турини назарда тутаётган бўлсангиз керак.
Айтиш керакки, шунга ўхшаш тусдаги қоидалар тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари, нотариал идоралар ва адвокатлик тузилмалари, лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар, суғурталовчилар ва суғурта воситачилари, қимматли металлар ва қимматбаҳо тошлар билан операцияларни амалга оширувчи шахслар, аудиторлик, риэлторлик ташкилотлари ҳамда биржа аъзоларида ҳам амал қилади.
Лизинг ташкилотига мижозларни тегишли равишда текшириш, хатар даражасини аниқлаш ва баҳолаш, пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар билан боғлиқ шубҳали операцияларни аниқлаш ва улар ҳақида Департаментга хабар бериш мажбурияти юкланади. Мазкур ҳолатда хабар қилиниши лозим бўлган операциялар аниқланадиган ўрнатилган мезонларга эътибор қаратиш даркор (Қоидаларнинг 20-банди).
Назорат тадбирларини ташкил этиш ва бажариш учун лизинг компанияси ходимлари орасидан қуйидаги малака талабларига жавоб берадиган масъул шахс тайинланади:
- олий маълумот ва ташкилотда 2 йилдан кам бўлмаган иш тажрибаси, олий маълумоти бўлмаган тақдирда – 3 йилдан кам бўлмаган (иккала ҳолатда ҳам – техник ёки ёрдамчи ходимлар лавозимлари бундан мустасно) иш тажрибаси;
- ташкилот ишининг ўзига хосликларини билиш.
Масъул шахсни тайинлаш (ўзгартириш) ҳақидаги буйруқ чиқарилганидан эътиборан 5 кун мобайнида Молия вазирлигига юборилади. Кейинчалик ушбу маълумотлар ҳар йили 10 январгача ўша ерга топширилади.
Жавобгарликнинг чегаралари ва миқдори содир этилган жиноятнинг характерига боғлиқ. Умумий қоидага мувофиқ, МЖтКнинг 1793-моддасига биноан жавобгарлик юзага келади. Агар лизинг ташкилоти содир этилишига кўмак берса ёки олдиндан терроризмни молиялаштириш ёки жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш изларини яширишни ваъда берса, унинг ходимлари жиноят иштирокчилари сифатида жиноий жавобгарликка тортилади (ЖКнинг 28, 1553, 243-моддалари). Кўрсатилган жиноятлар (тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган) ҳақида хабар бермаслик ЖКнинг 241-моддаси бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.