Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Пойтахтдаги иш Тошкент вилоятида яшовчига мақбул келадими?

01.12.2016

? Мен Тошкент вилояти Қибрай туманида прописка қилинганман, ўша ерда яшайман ва ҳозирда доимий ишга эга эмасман. Айтишларича, меҳнат биржасида рўйхатдан ўтсам, менга “мақбул келадиган” ишни таклиф қилишлари керак экан. Шу тариқа мен, масалан, уйимдан 5 дақиқалик узоқликда бўлган Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ишга жойлашишим мумкинми? Умуман, “мақбул келадиган” иш атамаси қандай маънони англатади?

- Меҳнат кодексининг 61-моддасида (кейинги ўринларда — МК) мақбул келадиган ишнинг мезонлари келтириб ўтилган:

  • биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик иш;
  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги мутахассислиги бўйича тажрибасини, янги иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини инобатга олувчи иш.

 

Кўриниб турибдики, иккинчи ҳолатда ишнинг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлилиги омили мақбул иш таърифига тўғри келади. МКнинг 63-моддасига кўра у мазкур жойдаги жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлиги ҳисобга олинган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан белгиланади.

 

Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган фуқаролар пойтахтда ишлаши мумкин ёки йўқлигини аниқлаш учун биз Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли сўров юбордик ва унга Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг жавоби ҳамда қўшимча ахборот тарзида Ички ишлар вазирлигининг жавоб хатини олдик. Улардан қуйидагилар жой олган эди:

  • МКнинг 80-моддаси 6-бандига кўра, ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига (16.02.2012 йилдаги 41-сон ВМҚ билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 41-сон Низом) мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.

 

Юқорида келтирилган ҳуқуқий нормалардан ИИВнинг Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бош бошқармаси қуйидаги хулосага келди: Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган ва Тошкент шаҳрига (15 км.гача ва ундан ортиқ масофадан) жамоат ёки шахсий машинасида ишлаш учун келадиган фуқаролар шаҳарда доимий тарзда 5 кун яшамаса, шаҳарда рўйхатдан ўтиши шарт эмас.

 

«15 километргача ва ундан ортиқ масофадан» ибораси бизда қатор саволларни туғдирди. Яшаш жойининг иш жойидан узоқлиги умуман ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги кўзда тутилганми, яъни ҳам 15 км.гача, ҳам ундан ортиқ бўлиши мумкинми? Ёки давлат органи иш жойидан транспорт қулайлиги мезони сифатида Тошкент шаҳридан 15 км.гача доирадаги масофани кўрсатганми, агар шундай бўлса, бу рақам қандай нормативларга асосланган?

 

Биз ИИВга такроран мурожаат этиб, ушбу жиҳатларга аниқлик киритишни сўрадик. Улар бизга жавобан “Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятигача бўлган масофа мавжудлиги масалалари” норматив ҳужжатларда акс эттирилмаганлиги сабабли қизиқтираётган саволлар бўйича тушунтириш беришнинг имконияти  йўқлигини билдиришди.

 

***

 

Бизнинг фикримизча, амалдаги қонунчиликда берилган саволларга аниқ жавоб беришга имкон бермайдиган бир қанча муаммолар мавжуд.

 

Биринчидан, иш жойидан транспорт қулайлиги, яъни ходимнинг яшаш жойидан қанчалик узоқ экани бўйича аниқ мезонлар белгиланмаган. Аниқлашимизча, бугунги кунда МКнинг 63-моддасида кўрсатилган норма амалда ишламайди.

 

Иккинчидан, қонун нормалари ва қонун ости ҳужжатлари ўртасида муайян қарама-қаршиликлар мавжуд. 41-сон Низомда кўрсатилишича, Тошкент шаҳрига ишга келиб-кетадиган ва 5 кундан ортиқ шаҳарда турмайдиган фуқароларнинг рўйхатдан ўтишига зарурат йўқ. Бироқ иш берувчи ходимнинг шаҳарда бўлиши муддатини назорат қилиш имкониятига эга эмас. Иш берувчи эса паспорт тизимини бузувчи ходимни ишга олиб МЖтКнинг 2232-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиш хавфини орттириб олади. Шу боис аксарият ҳолатларда Тошкент шаҳрида жойлашган иш берувчилар бу ерда ҳисобга олинмаган шахсларни ишга олишдан бош тортишади.

 

Таҳририятдан:  ходимнинг исми ва саналар ёзилган Тошкент шаҳридан ташқарига чиққанлигини тасдиқловчи чипталар ушбу мунозарали ҳолатларнинг эҳтимолий ечими бўлиб хизмат қилиши мумкин (масалан, поездда, агар ходим бошқа вилоятда истиқомат қилса). Бироқ шуни инобатга олиш лозимки,  шаҳарлараро автобуслар ёки йўналишли таксилар, электричкалар чипталари саёҳат санаси ва йўловчининг шахси тўғрисидаги маълумотларни сақламайди. Бу эса айнан Тошкент вилояти аҳолисининг аҳволини сезиларли даражада оғирлаштиради. Улар учун фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълум вақт мобайнида ёки маълум кунлар прописка қилинган жойда яшаши ҳақидаги ёзма тасдиқномалари муқобил вариант бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз.

Мавзуга доир материаллар


Турмуш ўртоғини ва чет эл фуқаросини Тошкентда прописка қилиш осонлашди

 

Тошкент пропискаси барча қариндош-уруғлар учун эмас