Bir.uz администратори – «Norma» профессионал ривожланиш маркази бош бухгалтер малакасини тасдиқлаш имтиҳонини илгаригидек икки кунда эмас, балки бир кун ичида ўтказади.
Киритилган янгиликка кўра bir.uz Бош бухгалтер аттестатини олиш учун имтиҳон топшириш таомили соддалаштирилади. Илгари имтиҳоннинг биринчи кунида 3 соатда 80 та тест саволига жавоб бериш, иккинчи кунида эса – 5 соат ичида вазиятларга доир масалалар тўпламини ечиш ва ҳужжатларнинг 4–5 та шаклини тўлдириш керак эди. Имтиҳон натижалари таҳлили малакани баҳолаш сифатини пасайтирмасдан, имтиҳон топшириш таомилини соддалаштириш мумкинлигини кўрсатди. Тест саволлари сони икки мартага қисқартирилади. Ҳужжатларнинг 4 та шакли ўрнига фақат 1 та шакли тўлдирилади. Янги форматдаги имтиҳон қандай ўтказилади? Рўйхатдан ўтиш 9:30 да бошланади. 10:00 да имтиҳон топширувчилар биринчи босқичдан ўтишга киришадилар. 90 дақиқада 40 та тестни ечиш керак бўлади. Иштирокчи тестдан ўтишда 75% тўғри жавобларга эришса, иккинчи босқичга киришади. Бу босқичга ўзгартиришлар киритилмаган – 210 дақиқа (3,5 соат) ичида вазиятларга доир масалалар тўпламини ечиш керак бўлади. Тўғри жавоблар 75% дан кам бўлмаган тақдирда, даъвогарга ҳисобот шакллари тўлдириладиган охирги босқичга ўтишга рухсат берилади. Бу босқичдаги имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун тўғри жавоблар 90% бўлиши керак. Учинчи босқичга 30 дақиқа ажратилади. Имтиҳондан ўтиш учун кетадиган энг кўп вақт жами – 5,5 соат. Амалиётнинг кўрсатишича, билимли бош бухгалтер имтиҳондан 4 соат ичида ўта олади. Иккинчи босқичдан кейин танаффус қилишни хоҳловчилар учун 20 дақиқалик кофе-брейк назарда тутилган. Фақат «Бош бухгалтер» мутахассислигига доир ўзгартиришлар киритилди Қолган бошқа мутахассисликлар учун имтиҳондан ўтиш тартиби аввалгидек қолдирилди. Тартиб билан ушбу саҳифадаги ҳар бир мутахассислик бўйича «Баҳолаш паспорти»да танишиб чиқиш мумкин. 25 мартда бўладиган баҳорги биринчи малака имтиҳонига 22 мартгача, шу кун ҳам ҳисобга киради, ёзилиш мумкин.