Электрон, шу жумладан, онлайн газеталарнинг (обуна расмийлаштириладиган) қоғозда чоп этиладиганларга нисбатан қандай афзалликлари мавжуд? Ахборотни бундай етказиш усули Ўзбекистонда оммалашадими? NORMAл газеталарнинг обуначиларини муҳим материаллардан ташқари яна нималар жалб этади? Бу ҳақда биз билан суҳбатда "NORMA gazetalari birlashgan tahririyati" МЧЖ директори Баҳодир Қаюмов сўзлаб берди.
- www.norma.uz
- Компания янгиликлари
- Электрон газеталарнинг 6 афзаллиги
Электрон газеталарнинг 6 афзаллиги
23.01.2017
- Газеталар таҳририятининг анъанавий мақсадлардан ташқари яқин йилга ва умуман истиқболга мўлжалланган қандай режалари бор?
Бизнинг газеталаримиз: «Солиқ ва божхона хабарлари», «Норма маслаҳатчи» (ўзбек тилида) ва «Налоговые и таможенные вести», «Норма» (рус тилида) мана, 20 йилдан ортиқ муддат мобайнида тадбиркорлар, корхоналар бухгалтерлари, раҳбарларини фойдали маълумотлар билан таъминлаб келмоқда. Миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар шарҳи, экспертларнинг тушунтиришлари, ўқувчиларимизни безовта қилаётган муаммолар бўйича материаллар – булар газеталаримиз ишида энг устувор масалалар бўлиб келмоқда. 2017 йилги обуна кампанияси натижалари ҳам нашрларимиз талаб этилганлигидан далолат бермоқда.
Қоғозда чоп этиладиган газета билан бир қаторда “Электрон газета”га обуна бўлишни таклиф этаётганимизга ҳам 5 йилдан ошди. Ушбу ахборот маҳсулотига обуначилар сони йилдан-йилга ортиб боряпти. Жорий йилда умумий миқдорнинг чамаси 10%ини ташкил этди. Ушбу ОАВ шаклининг истиқболи порлоқ, деб ўйлайман. Хорижда ахборот етказишнинг янги шаклларининг ривожланиш тажрибаси шуни кўрсатадики, айнан электрон версияларнинг истиқболи катта. Нашрларимизнинг келгуси ривожланиши ҳақида сўз борар экан, ушбу тенденцияларни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Ишонаманки, республикамизда ҳам сифатли интернетдан фойдаланиш имконияти яхшиланиши, интернет хизматларнинг ишончлилиги ортиши билан электрон версияларнинг обуначилари сони кўпайиб боради.
- “Электрон газета”нинг босма нашрга нисбатан қулайлиги нимада? Фақат қоғозда матбуот билан танишишга ўрганиб қолган ўқувчиларга қандай асосларни келтириш мумкин?
Нашрларимизнинг электрон версияга ўтказилишидан обуначилар ҳам, ношир ҳам қатор манфаатлар кўради.
1. Электрон форматдаги газетани ўз вақтида олиш етказиб бериш хизматининг ишига боғлиқ бўлмайди. Биламизки, қатор ҳудудларда ўқувчилар газеталарнинг босма версияларини ҳар доим ҳам ўз вақтида олишмайди, бу эса муайян ноқулайликлар ва норозиликларни келтириб чиқармоқда. Электрон версияга ўтиш бу муаммони бартараф этиш имконини беради, чунки “Электрон газета”ни янгилаш газеталарни босмахонага топширган кунда содир бўлади.
2. “СБХ” ва “Норма маслаҳатчи” газеталарининг электрон версияси обуначига арзонроқ тушади. Ношир етказиб бериш ва босиш учун харажат қилмайди ҳамда у мазкур тежамкорликни обуначилар билан ҳам баҳам кўради.
3. Электрон форматдаги газеталар ўқувчилари бирйўла тўртта нашр материалларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Икки тилдаги газеталар версияларининг таркиби фақат қисман бир-бирини такрорлайди, ҳар бир газетада бошқа тилга ўгирилмаган ўзининг бетакрор муаллифлик мақолалари мавжуд.
4. Электрон газетада маълумот излаш замонавий дастурий воситалар орқали амалга оширилади. У ёки бу материал газетанинг қайси сонида чоп этилганини эслаб, “СБХ” ёки “Норма маслаҳатчи” саҳифаларини варақлашга ҳожат йўқ. Излаш сатрида калит сўзларни киритиш кифоя – натижа дарров кўринади!
5. Электрон газеталарда тушунтиришлар, мақолалар ва материалларнинг муаллифлари ҳавола келтираётган барча ҳуқуқий ҳужжатлар базаси сақланади. Нашрнинг босма версияси билан бирга Солиқ кодекси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларнинг қарорлари матни билан ўнлаб китобларни олишни тасаввур қила оласизми? Албатта, йўқ. Электрон газетада эса буларнинг ҳаммаси бор ҳамда мутлақо бепул!
6. Газеталарнинг электрон версиясига йиллик обунани йилнинг исталган вақтида расмийлаштириш ва бунда унинг аввалги чиққан барча сонларини қўлга киритиш мумкин.
Бундай манфаатларни яхши тушуниб етган обуначиларнинг сони йилдан-йилга ортиб боряпти. Агар бундан беш йил муқаддам ҳали кўпчилик даврий нашрлардан интернет орқали фойдаланиш имкониятини қўлга киритишни ҳатто тасаввурларига сиғдира олишмаган бўлса, охирги 2 йилда электрон версия обуначиларининг сони икки баравар кўпайди.
- NORMАЛ газеталарнинг обуначилари учун лояллик дастури ҳақида сўзлаб берсангиз. Таклиф этилаётган бонуслар мижозлар томонидан нечоғли талаб этилган? Уларнинг қайсилари кўпроқ оммабоп саналади?
Биз обуначиларимизни жуда қадрлаймиз ва уларга нафақат газеталар, балки бутун хизматлар пакетини ҳам таклиф этишга ҳаракат қиламиз. Барча ўқувчиларга бешта асосий бонусларни таклиф этамиз. Имтиёзли давр мобайнида обуна бўлганлар учун қўшимча бонуслар кўзда тутилган.
Йиллик обунани расмийлаштирган ўқувчи газета билан бир қаторда бутун обуна даврида “Жавоб берамиз!” Маълумот хизмати экспертларига чекланмаган миқдорда саволлар бериш имкониятини қўлга киритади. Бошқа бир фойдали бонус – бу ўз ходимларини “Norma” профессионал ривожланиш марказининг курсларида (бепул ёки 50% чегирма билан) ва семинарларида (бепул) ўқитиш имкониятидир. Обуначиларимиз “Город скидок” компанияси томонидан тақдим этиладиган дисконт картадан ҳамда газеталаримизнинг интернет версиялари — “Онлайн газета”дан фойдаланиш имкониятидан ҳам бажонидил фойдаланиб келишади. Бунда эътиборга олиш керакки, ресурс нафақат жорий йил, балки ўтган йиллардаги материаллардан ҳам фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
Таҳририятдан
Бугунги кунга келиб қўшимча бонус — “NORMA” ўқув марказида “Солиқлар ва солиқ солиш” курсининг “Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи” ёки “Ягона солиқ тўлови” (танловга кўра 1 та модуль) масофали модулларида бепул ўқиш ҳуқуқидан фойдаланмаган обуначиларимиз бор.
Биз компания тақдим этаётган “фойдали” имкониятлардан ўқувчиларимиз бебаҳра қолишларини истамаймиз. Сертифиат олиш учун 1 февралгача обуна бўлимига мурожаат этиш зарур (тел. 99871 200-00-30).
Маълумот хизмати экспертлари маслаҳатлари энг талаб этилган бонус ҳисобланади. Ўзининг профессионал фаолияти давомида компаниялар раҳбарлари, юристлари, кадрлар бўйича мутахассислари ва бухгалтерлари қатор ностандарт вазиятларга дуч келишади, уларга тажрибали мутахасисларнинг малакали тавсияларисиз ечим топиш анча мушкул. Бу ерда Норма экспертлари ёрдамга келади.
«Norma» ПРМнинг бонусли бепул семинарлари ҳам жуда оммабоп. Бу бежиз эмас, чунки уларда юқори классли лекторлар қатнашади. Ўқиш мобайнида ҳар бир тингловчида ўқитувчига савол бериш имконияти мавжуд. Бу эса семинарларга алоҳида қиймат беради. Лекторлар орасида нафақат “Norma” компаниясининг етакчи мутахассислари, балки жалб қилинадиган ҳамкор ташкилотларнинг экспертлари, шунингдек давлат органларининг етакчи мутахассислари ҳам бор. Марказ қонунчиликдаги ўзгаришларни синчковлик билан кузатиб боради ва янгидан-янги мавзулар бўйича семинарлар ташкил этади. Тадбиркорлар, юристлар, бухгалтерлар, кадрлар бўйича мутахассислар қонунчиликда нормаларнинг ўзгариши муносабати билан дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммолар ва мураккабликлар “Norma” ПРМда ўқитиладиган мавзуларда ўз аксини топади.
Саида Жонизоқова, мухбиримиз суҳбатлашди.
Мавзуга оид материал:
2017 йилда "NORMА" мижозлари ва обуначилари учун қандай бонуслар назарда тутилган?