Апрель ойидан бошлаб корпоратив пластик карталардан амалга оширишга рухсат этилган тўловлар рўйхати кенгайтирилди. Мазкур вазиятни солиқ ва бухгалтерия қонунчилиги масалалари бўйича маслаҳатчи Игорь Аипкин шарҳлаб беради.
Корпоратив пластик карталар тушунчаси ўн йил олдин ҳаётимизга кириб келган эди. Шундан буён улардан фойдаланиш масаласи долзарблигича қолмоқда. Айрим тадбиркорлар илгаригидек шахсий харажатлар ва юридик шахснинг харажатлари ўртасидаги фарқни кўришмаяпти. Бу эса солиқ тўловларини ҳисоблаб чиқаришда хатоликларга олиб келади, кейин уларни аудиторлик текширувлари натижаларига қараб тузатишга тўғри келади.
Илгари корпоратив карталар ёрдамида фақат савдо ва сервис корхоналарида ҳисоб-китоб қилинар эди. Энди Марказий банк Бошқарувининг «Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 1470-2, 3.04.2018 й.) мувофиқ судларда ва бошқа давлат органларида давлат божлари ва бошқа йиғимларни корпоратив карталардан тўлаш мумкин.
Бироқ, худди аввалгидек, юридик шахснинг мақсадли харажатларинигина тўлаш мумкин. Унга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендлар ўтказилмайди. Бунда карталардан амалга ошириладиган барча харажатларни тўғри ҳужжатли расмийлаштириш талаб этилади.
Сизларда корпоратив карталардан фойдаланишга оид саволлар юзага келган бўлса, «Norma» профессионал ривожланиш марказида 20 апрелда ўтказилиши режалаштирилаётган семинар муҳокама учун жуда қулай бўлади. Семинарга ҳавола бўйича ёзилиш мумкин.