Кўпгина корхоналар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланмоқчи. Уларнинг раҳбарлари учун бухгалтерия ва юридик хизматларни тайёрлаш вазифаси долзарб бўлиб турибди. Нималарга эътибор қаратиш лозим? Шу ва бошқа саволларга ТИФ соҳасидаги «ViGoRus» консалтинг компанияси директори Светлана Голосова жавоб беради.
Светлана Алексеевна, халқаро бозорда компанияларимизнинг истиқболлари қандай?
Истиқболлари порлоқ, бу соҳада кўп имкониятлари мавжуд. Илгари халқаро савдо йўлларидан четда турган бўлсак, ҳозир эса аксинча ҳукумат томонидан халқаро бизнес-жараёнларга фаол киришиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бунинг устига географик жойлашувимиз ҳам тадбиркорларимизга хорижий шериклар билан ҳамкорликни фаол ривожлантириш имконини беради.
Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, хорижий мижозларга товарлар, ишлар, хизматларни сотишдан тушган валютанинг бир қисмини мажбурий сотиш талабининг бекор қилиниши ташқи иқтисодий фаолиятни жадаллаштиришга туртки бўлмоқда.
Бугунги кунда аксарият тадбиркорлар ТИФ деганда экспорт ва импортни тушунадилар, аслида унинг қамрови анча кенг. Ҳозирча хорижда мол-мулк сотиб олиш ва сақлаш, хорижда савдо операцияларини бажариш, чет эллик ҳамкорлар билан тўғри муносабат ўрнатишни саноқли тадбиркорлар уддалайдилар. Кўп тадбиркорларимиз валюта операцияларининг барча имкониятлари, шу жумладан товарларни республикага олиб кирмай, бир мамлакатдаги мол-мулкни бошқасида олиш-сотиш ҳақида тасаввурга эга эмаслар.
ТИФ юритишни бошлаган компанияларга ҳар доим ҳам консалтинг хизматлари керак бўладими?
Консалтинг хизматлари муқобили сифатида ўз мутахассисларига эга бўлиш мумкин. Умуман олганда малакали бухгалтер ташқи иқтисодий фаолиятни расмийлаштиришга доир барча ишларни бажара олади. Расмийлаштириш деганда шартномалар тузишни, ҳисобда тўғри акс эттиришни, солиқ солишни мақбуллаштиришни ва бошқа кўпгина масалаларни назарда тутаяпман. Бунинг устига, тадбиркорлик фаолиятини юритиш шартлари соддалаштирилмоқда, жараённи анча мураккаблаштирган кўпгина тартиботлар бекор қилинмоқда. Хусусан, кейинги пайтда контрактларни рўйхатдан ўтказиш таомили соддалаштирилди, валюта тушуми келиб тушганлиги ҳақида солиқ органларига маълумотномалар бериш бекор қилинди, экспорт бўйича имтиёзларни қўллаш учун маҳсулотларни ўзи ишлаб чиқарганлигини тасдиқлаш тартиби йўқ қилинди ва б.
Кўп бухгалтерлар ташқи иқтисодий фаолиятни ўта маҳоратли профессионаллар юрита оладилар деган фикрдалар. Бунга қўшиласизми?
Маҳаллий ҳамкорларга қараганда хорижий ҳамкорлар билан ишлаш мураккаброқ. Ҳар қандай шошма-шошарлик, хато, камчилик тузатиб бўлмайдиган жиддий оқибатларга ва катта чиқимларга олиб келиши мумкин.
Бухгалтер шартнома бажарилишини бухгалтерия ҳужжатларида тўғри акс эттириши ва барча зарур операцияларни ўз вақтида бажариши лозим. Кичик корхоналарда кўпинча бундай шартномаларни тузиш кўникмалари ҳам талаб этилади.
Бугунги кунда ТИФ масалалари билан шуғулланувчи бухгалтер раҳбар учун маслаҳатчи бўла олиши, назорат қилувчи ва текширувчи органларнинг барча саволларига жавоб бера олиши талаб этилмоқда.
Сизнингча, корхоналарнинг иқтисодий хизматлари ташқи иқтисодий фаолият юритишга қанчалик тайёр?
Бир неча йилдан буён ТИФ бўйича семинарлар ва курслар ўтказиладиган «Norma» профессионал ривожланиш марказида дарс бериб келаман. Курслардаги тингловчиларнинг аксарият қисмини ташқи иқтисодий фаолият юритишга тайёргарлик кўраётган корхоналар ходимлари ташкил этади.
Бунда барча корхоналарда мутахассисларни тайёрлаш даражаси ҳар хил. Кимларгадир бу масала янгилик бўлиб, уларга бошланғич таълим беришга тўғри келади, бухгалтерия ишини юритиш тажрибасига эга бўлган, бироқ валюта операцияларини бажармаганлар ҳам бор. Уларнинг бари тўлиқ ишонч билан ишлашни ва профессионал вазифаларни бажаришга тайёр бўлишни истайди.
Тингловчиларни ташқи иқтисодий фаолият билан шуғуллана бошлаганда тўқнаш келишлари мумкин бўлган қийинчиликларни бартараф этишга қандай тайёрлайсиз?
Одатда риоя этиш зарур бўлган нормалар ҳақида сўз юритибгина қолмай, улар қайд этилган норматив ҳужжатларни ҳам кўрсатиб ўтаман. Бухгалтер ҳужжатга мурожаат қилиш имконига доим эга бўлиши лозим.
Кўп мутахассисларнинг муаммоси ишлаш давомида ўқиб-ўрганмасликларида. Кўп ҳолларда нималарни ўқиш кераклигини билмасликлари сабабли ўқимайдилар. Инсон янгиликлардан бохабар бўлмаса, кўп қийинчиликларга тўқнаш келади ва кўпроқ хатога йўл қўяди. Шу сабабли тингловчиларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини сингдиришга уринаман. Тингловчиларга норматив ҳужжатларни ўқиш ва тушунишларида ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Барча саволларга ҳужжатлардан жавоб топиш мумкинлигини англаб етиш даркор.
Таҳририятдан. «Norma» профессионал ривожланиш маркази семинарлари ва курсларида ташқи иқтисодий фаолиятни юритишга доир кўп масалаларни билиб олиш мумкин. Яқин орада ўтказиладиган семинарга ҳавола орқали ўтиб ёзилишингиз мумкин.
Олег Гаевой суҳбатлашди.