Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ходим хориждаги хизмат сафарида касал бўлса Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувчилар учун ҳаракатланиш тартибида нималар ўзгаради Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак

2020 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини тугатишни соддалаштириш кўзланмоқда

31.05.2019

Рус тилида ўқиш

Президент фармони лойиҳаси билан таклиф этилаётган қатор чора-тадбирлар шунга қаратилган: тугатилиши тўғрисида эълонлар беришни бекор қилиш, махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш, ихтиёрий тугатилиш муддатини қисқартириш ва бошқалар. Лойиҳа ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.

 

2020 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг янгиланган тартибини жорий этиш режалаштирилаётир.

 

Биринчидан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги  махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш. Давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида устав фонди шакллантирилмаганлиги учун юридик шахсни тугатиш тартибини эса бекор қилиш.

 

Иккинчидан, корхонани ихтиёрий тугатишда қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • бир ёки бир неча даврий босма нашрларда эълонлар бериш талабини бекор қилиш. Тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширишни бекор қилиш;
  • солиқ текшируви билан қамраб олинадиган молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги 3 йилни ташкил этишини белгилаш;

Ҳозирги вақтда текширишда корхонанинг охирги текшириш ўтказилган санадан бошлаб (агар текшириш амалга оширилмаган бўлса - давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб) корхонани тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санагача бўлган давр мобайнидаги фаолияти қамраб олинади, бироқ бунда даъво қўзғатишнинг қуйидаги муддатларига риоя қилиниши шарт:

-молия ҳисоботи тақдим этган солиқ тўловчилар бўйича - 3 йил;

-солиқ суммасининг 20%дан ортиқ миқдорда пасайтириб кўрсатилгани (яширилгани) аниқланган тақдирда - 5 йил.

  • корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддатини рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб 9 ойдан 6 ойгача қисқартириш.

 

Учинчидан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:

  • корхонани “фаолият кўрсатмаётган” деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддатни 9 ойгача ошириш;

Ҳозирги вақтда корхона 6 ой мобайнида (талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўтказиш билан боғлиқ савдо ва савдо-воситачилик корхонаси - 3 ой мобайнида) фаолиятни амалга оширмаган тақдирда тугатилади.

  • уларни солиқ органининг тақдимномасига асосан Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрида 3 йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказиш. Шу муддат мобайнида корхона ўзининг фаолиятини тикланмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган уни реестрдан чиқаради.

 

Тўртинчидан, тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартириш учун давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш. Бундан ташқари, Тадбиркорлик субъектларини давлат  рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали:

  • юридик шахсни ихтиёрий тугатиш тартиб-таомилини ўтказишда - ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни сўраб олиш;
  • тадбиркорлик субъекти – жисмоний шахс фаолиятини тўхтатишда - солиқ органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш мумкин.

 

Бешинчидан, ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳужжатларини қабул қилишда архив хизматларининг нархларини икки баробар камайтириш.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Ленара Хикматова.