Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2019 йиллар даврида республикада биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш ва жорий этишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Савдо-саноат палатаси сайтида жойлаштирилди.
“Ургут” ЭИЗ ҳудудида хитойлик биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш ва сервис хизмати кўрсатиш бўйича етакчи ишлаб чиқарувчилар билан қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилаётир. Бунинг учун “Агробанк” АТБ салоҳиятли хитойлик ҳамкорлар билан музокараларни тугаллаши, ваколатли идоралар билан ҚКни жойлаштириш учун майдонни белгилаши, шунингдек унинг ташкил этилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини (1.11.2017 йилгача) таъминлаши даркор.
Лойиҳага илова қилинаётган 2017-2019 йиллар даврида республикада биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш ва жорий этишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури қуйидагиларни ўз ичига олади:
- норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хусусан, амалдаги ГОСТларни қайта кўриб чиқиш, фермер хўжаликларида қурилмалар қурилиши бўйича намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
- биогаз қурилмалари, асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва кенгайтириш;
- биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш ва жорий этишни рағбатлантириш, масалан, биогаз қурилмалари сотиб олиш учун МБ қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставкада узоқ муддатли (7 йилгача) имтиёзли мақсадли истеъмол кредитлари ажратиш, уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона тўловларидан озод қилинадиган асбоб-ускуналар ва бутловчи буюмлар рўйхатини ишлаб чиқиш ва ҳ.к.
Кўрсатилган 3 йиллик даврда мамлакатнинг 726 йирик чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмаларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳа муҳокама босқичида бўлиб, ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.