ҚҲТБТ порталида Давлат божхона қўмитасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат барча транспорт воситаларида божхона назорати остида ташилаётган юк бўлимларини махсус божхона пломбалари билан тамғалашни кўзда тутади. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно:
бир транспорт воситасида контейнерлар бир-бирига қараб жойлаштирилганлиги натижасида тамғалашнинг имкони бўлмаса;
товарлар усти очиқ транспорт воситасига юкланса;
темир йўл станцияларида юқори кучланишли электр симлари ўтган жойлардаги вагон ва контейнерларига махсус божхона пломбаларини қўйиш ходимнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф солса;
махсус божхона пломбалари билан тамғалашнинг имкони бўлмаган бошқа асосли ҳолларда.
Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган, божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган ва транзит тартибида ҳаракатланаётган юклар жўнатувчи божхона постларида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилганидан сўнг, махсус божхона пломбалари қўйилади. Пломба товарларни ёки ашёларни транспорт воситасидан тушириш, шунингдек унга бошқа товар ва ашёларни юклаш имконсизлигини таъминлаши керак.
Транспорт воситаларига расмийлаштирилган Юкни етказиб бериш назорат китобчаси ёки Тир-Карнет китобчасининг белгиланган катагида қўйилган махсус божхона пломбасининг рақами қайд этилади.
Транспортнинг божхона ҳудудига киришида, божхона ҳудудидан чиқишида уларнинг товарлар ортилган юк бўлимларига қўйилган махсус божхона пломбаларининг мавжудлиги ва пломба ўрнатилган жиҳозлар (вагон/контейнер конструкцияси, тиркаманинг троси, тенти, том, пол қисмлари ва ҳ.к.) божхона пости ходими томонидан текширилади ҳамда йўл-юк ҳужжатларидаги маълумотлар билан солиштирилади.
Пломбалар ҳамда пломба қўйилган жиҳозларга зиён етказилмаганлигига божхона ходими томонидан ишонч ҳосил қилингандан сўнг, божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Аксинча бўлган тақдирда - божхона қоидаларининг бузилиши юзасидан иш материаллари юритилиб, товарларнинг тўлиқ божхона кўригидан ўтказилиши, зарур ҳолларда эса товарларни божхона омборига жойлаштирилиши чоралари кўрилади.
Лойиҳа қатор бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олган, шунингдек у ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Самир Латипов.