Лойиҳа божхона органлари рўйхатини тўлдиради, унга қонунчилик даражасида Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази киритилади.
Қонунийлик, ошкоралик, шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилишни божхона фаолиятининг асосий тамойиллари этиб белгилаш таклиф қилинаётир.
Божхона органлари Президент томонидан таъсис этилади ва тугатилади.
Идора қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга эга бўлади:
- ташқи савдо операциялари мониторингини амалга ошириш;
- ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш;
- божхона тўғрисидаги норматив ҳужжатларга риоя қилинишини таъминлаш учун экспертлар ёки мутахассисларни жалб қилиш.
Шунингдек, лойиҳада жисмоний куч, махсус воситаларни қўллаш ҳамда ўқотар қуролдан фойдаланиш тартиби очиқланади.
Қонуннинг таклиф этилаётган таҳрири амалдаги таҳрирдан фарқли ўлароқ “божхона органларининг мансабдор шахслари” атамасидан эмас, балки “божхона органлари ходимлари” атамасидан фойдаланади. Ходимларнинг ўз бошлиқларига бўйсуниши ўрнатилади. Божхона органлари ходимлари юқори турувчи мансабдор шахслар томонидан уларга нисбатан қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан прокуратура органлари ва судга шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, божхона органлари ходимлари ўз хизматига киришаёганда мазмуни қонун билан белгиланган қасамёдни қабул қилишади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Моҳина Мирзаева.