Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ШЖБПҲ учун ўтказиладиган маблағларнинг иш берувчилар томонидан тўланиши янги Низомда қандай тартибга солинган Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғини ким тўлайди 2024 йил ноябрь ойи учун ЖШДС ва ШЖБПҲга бадалларни қандай ҳисоблаш керак

Электр энергияси ва газ учун тарифларни ўзгартириш режалаштирилмоқда

02.06.2022

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун ҚҲТБТ порталига жойлаштирилди.

 

Лойиҳа Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Халқаро тажриба асосида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда.

 

Республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд, дейилади Энергетика вазирлигининг лойиҳага тушунтириш хатида. Уларнинг 80%и ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31%и (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.

 

Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85%и, яъни 3,4 млн  абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35%и (4,5 млрд куб м) тўғри келади.

 

Ушбу кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалаганлиги сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилди.

 

Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86%, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65% ҳамда ҳовлиларда яшовчи 57% абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

 

Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 78%, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77% ҳамда ҳовлиларда яшовчи 44% абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

 

Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99% ҳамда ҳовлиларда яшовчи 86% абонентлар ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

 

Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93% ҳамда ҳовлиларда яшовчи 64% абонентлар ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

 

Шундан келиб чиқиб, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт.соатгача миқдорида ўрнатилмоқда. Табиий газ нормасига келсак, мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрель-сентябрь ойлари учун 200 куб метргача ва октябрь-март ойлари учун 700 куб метргача миқдорида ўрнатилмоқда.

 

Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб тўловларни қуйидаги миқдорларда белгилаш таклиф қилинмоқда:

электр энергияси бўйича:

  • аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун – 650 сўм;

Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда 250 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт.с гача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади.

  • 1 кВт.соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 600 сўм.

 

Табиий газ бўйича:

  • аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун –1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм.

Мисол учун, иситиш мавсумида 700 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1 000 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.

 

Бундан ташқари, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил этади.

  • 1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 150 сўм.

 

Суюлтирилган газ аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилишини ҳисобга олган ҳолда, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади.

 

Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун “перспектив мўлжал”ни кўрсатиш мақсадида жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

 

Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши назарда тутилмоқда:

электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;
  • қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

 

табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун –1 400 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм.

 

2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади. 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Лола Абдуазимова.


Валюталар курси

2024-11-28
  • USD:12848.38 (+0.00) сум
  • EUR:13512.64 (+0.00) сум
  • RUB:120.07 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48