ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор этиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.
Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан Президентнинг 2020 йил 24 августдаги ПФ–6044-сон “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳужжат рухсат бериш тартиб-таомилларини унификациялашга қаратилган.
Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор этиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Ҳужжат хабардор қилиш тусидаги фаолиятни назорат қилиш ва ҳисобини юритиш (бошлаш ёки тугатиш) тартибини белгилайди.
Хабардор қилмасдан шуғулланиш мумкин бўлган фаолиятга ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилмайдиган фаолият турлари киради. Хабардор қилиш тадбиркор томонидан давлат томонидан тартибга солиниши ҳамда тегишли фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг ҳисобини юритиш зарур бўлган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олишини англатади.
Хабарномалар ЯИДХП ёки “Лицензия” ахборот тизими орқали электрон шаклда кечаю кундуз жўнатилиши режалаштирилмоқда. Хабарнома қуйидаги талаблар ва шартларга мувофиқ бўлиши керак:
- Паспортни белгиланган шаклларга мувофиқ тўлдириш (фаолият турлари бўйича иловаларда келтирилган);
- хабарноманинг маълумотлари тўғри ва ишончли бўлиши керак;
- ходимлар ва меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилиши лозим;
- номи, жойлашган жойи (яшаш манзили) ўзгарганлиги, филиал ташкил этганлиги тўғрисида 10 иш куни ичида ЯИДХП ёки “Лицензия” АТ орқали хабар берилиши керак.
Хабарнома юборганлик учун БҲМнинг 50%и миқдоригача йиғим ундирилади (бундан қурилиш-монтаж ишлари ва алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бўйича фаолият мустасно).
Хабарномалар қабул қилинганлиги ва улар реестрга киритилганлиги тўғрисидаги хат QR-кодни қўйиш йўли билан расмийлаштирилади.
Республика даражасида хабарнома қабул қилувчи ваколатли органлар маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш бўйича апелляция кенгашларини ташкил этади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.