«Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокама учун порталга жойлаштирилди.
Лойиҳа Президентнинг 7.12.2020 йилдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4913-сон қарорига мувофиқ ИИВ томонидан тайёрланган.
Лойиҳада назарда тутилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:
- ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари хизмат кўрсатиш ҳудудларида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда – ДЙҲХХ) назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш фаолиятини тадбиркорлик субъектларининг тегишли лицензияси амал қилиш санасидан эътиборан тўхтатилади;
- ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади;
- тадбиркорлик субъектларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган назарий ва амалий имтиҳонлар жараёни устидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати таъминланади.
ИИВ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимини яратиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқиши белгиланди:
- ДЙҲХХга тегишли барча ахборот тизимларини мазкур Ягона ахборот тизимига интеграция қилиш;
- ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш;
- ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодларни идентификация қилиш орқали кундалик таълим жараёнидаги иштирокини (давоматини) назорат қилиш;
- якуний имтиҳонларни назорат қилиш орқали таълим сифатини баҳолаш;
- имтиҳон натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг таҳлилларига кўра Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тузиладиган ўқув муассасалари рейтингини юритиш ва эълон қилиш;
- Ягона ахборот тизимни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилган ҳолда, ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларнинг автомототранспорт воситасини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда олиш.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Баҳодир Бухорий.