Солиқ кодексининг 211-моддасига тузатишлар лойиҳаси ҚҲТБТ порталида тақдим этилган.
Бугунги кунда дори воситалари ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган хом ашё тегишли рўйхатда қайд этилган бўлса, ҚҚСдан озод қилинади. Имтиёзни қўллаш принципи: «рўйхатда борми – имтиёз қўлланади».
Тузатишлар билан бошқача алгоритм таклиф этилмоқда. Мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган тегишли хом ашё ва субстанциялар рўйхати шакллантирилади. Тегишинча, ушбу позициялар импорт қилинаётганда Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандида назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёз қўлланмайди. Рўйхатда қайд этилмаган хом ашё ва субстанциялар импорт қилинганда эса у ҚҚСдан озод этилади. Имтиёзни қўллаш принципи: «рўйхатда борми – имтиёз қўлланмайди».
Айни пайтда тайёр дори воситалари ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларга нисбатан шундай ёндашувдан фойдаланилмоқда. Имтиёз қўлланмаслигига асос бўладиган рўйхат мавжуд, қолганлари эса импорт қилинганда ҚҚСдан озод этилади.
Бироқ алоҳида рўйхат бўйича ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш учун хом ашёни импорт қилишда ҚҚСга доир имтиёзни қўллашнинг амалдаги тартиби ўзгартиришсиз қолдирилади. Фақат унда қайд этилган номланишлар импорт қилинганда кейинчалик ҳам ҚҚСдан озод этилаверади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.