ҚҲТБТ порталида Иссиқлик қуввати, иссиқ ва совуқ сув сарфини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ҳужжатда мазкур тадбирларни амалга оширишнинг қуйидаги схемаси назарда тутилади.
1-қадам. Иссиқлик ва ичимлик суви таъминоти ташкилотлари ҳар бир ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати ҳисобини юритишади, бир йил учун ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқишади, олдинги қиёслаш даврининг амал қилиши тугашидан камида 30 кун олдин янги қиёслашдан ўтказиш зарурати тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилади.
2-қадам. Истеъмолчи хабарномани олганидан сўнг қиёслашдан ўтказиш ҳақидаги ариза билан ҳудудий таъминот ташкилотига мурожаат қилиши даркор.
3-қадам. Истеъмолчининг аризаси олингандан кейин 5 кун мобайнида таъминот ташкилоти ҳисобга олиш приборини ечиб олишга ваколат берилган ходимни юборади, у истеъмолчи билан келишган ҳолда гувоҳномани тақдим этиб, истеъмолчига 8:00 дан 20:00 гача келишга ҳақли.
4-қадам. Ҳисобга олиш приборини ечиб олишдан олдин ваколатли ходим приборнинг ўзини ва пломбанинг бутлигини текширади, ҳисобга олиш прибори ечиб олинган тақдирда 3 нусхада далолатнома тузади. Далолатномада истеъмолчи кейинчалик ҳисобга олиш приборисиз тармоққа уланган ёки уланмаганлиги кўрсатилади.
5-қадам. Ваколатли ходим ҳисобга олиш приборини ечиб олгандан сўнг 3 кун ичида давлат метрология хизмати органига уни топширади.
6-қадам. Давлат метрология хизмати органи 3 кун ичида ҳисоблагични қиёслашдан ўтказади, унинг натижаларига кўра сертификат расмийлаштирилади (қиёслашдан ўтказишнинг ижобий натижаларида) ёки таъминот ташкилотига ҳисобга олиш прибори носозлиги тўғрисида хабарнома юборади ва у таъминот ташкилотининг ваколатли ходимига топширилади (ҳисоблагич таъмирланиши ёки бутунлай алмаштирилиши мумкин).
7-қадам. Қиёслашдан ўтказилгандан кейин ҳисоблагични ўрнатиш тўғрисида ҳам 2 нусхада далолатнома тузилади. Улар таъминот ташкилоти ва истеъмолчида қолади.
Лойиҳага таклифлар:
Ҳужжатда таъминот ташкилоти томонидан ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида истеъмолчини огоҳлантириш механизмини батафсил ёзиш керак: хабарнома реквизитлари (ҳудудий таъминот ташкилоти раҳбарининг имзоси, муҳр ва ҳоказо), хабарнома тили (давлат тили, рус ва ўзбек тилларидаги икки тилдаги хабарнома ёки мазкур жойнинг аксарият аҳолиси сўзлашадиган бошқа тил ва ҳоказо), хабарномани жўнатиш усули (оддий хат, буюртма хат, курьер томонидан етказилиб, имзо қўйдириб топшириш ва ҳоказо).
Лойиҳада ҳудудий таъминот ташкилоти ходимларининг истеъмолчини ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириши бўйича жавобгарлиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, бироқ мазкур мажбуриятни бузиш оқибатлари кўрсатилмаган: бу истеъмолчини меъёрий тарифлар бўйича коммунал тўловларини амалга оширишдан озод қиладими ёки йўқ.
Таъминот ташкилотининг ваколатли ходими томонидан прибор ва унинг пломбалари бутлигини текшириш тартибини анча аниқроқ тартибга солиш талаб этилади. Хусусан, текшириш чоғида пломбанинг мавжуд экани ёки йўқлиги ҳақида низоларни олдини олиш учун бунда ХУМШ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат гувоҳлар бўлиши зарур.
Ҳисоблаш приборини носоз деб топиш ва унинг нуқсонли бўлишининг оқибатларини аниқ белгилаш тавсия этилади. Яъни қандай ҳолатларда меъёрий тарифлар бўйича қайта ҳисоблаш ўтказилади, қачон эса нуқсонли бўлиши қўшимча ҳисоблаб ёзиш учун асос бўлади?
Лойиҳа давлат тилида ишлаб чиқилган бўлиб, ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Самир Латипов.