Президентнинг «Аҳоли бандлигини таъминлашга доир ишлар самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.
Ҳужжатда ишсизликка барҳам бериш учун қатор механизмларни жорий этиш, хусусан ушбу мақсадларга қўшимча маблағларни йўналтириш таклиф қилинган.
Биринчидан, ЯИТ суммасини 0,1%дан 1%гача (яъни 10 баравар) тақсимлаш натижасида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига келиб тушаётган маблағлар миқдорини ошириш режалаштирилмоқда.
Иккинчидан, Янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантирувчи минтақавий жамғармалар ташкил этилади. Даромадлар қисмида улар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинади.
Улар қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
- Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноз параметрлари ортиғи билан бажарилишидан камида 40% миқдоридаги чораклик тушумлар;
- пул-буюм лотереяларини ташкиллаштириш ва ўтказишдан даромадлар;
- маблағлар вақтинча етмаган ҳолларда республика бюджети маблағлари ҳисобига қисқа муддатли бюджет ссудалари;
- бошқа тақиқланмаган манбалар.
Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Минтақавий жамғармалар маблағлари Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкига кредит ресурслари сифатида берилади. Улар, ўз навбатида, аҳолининг бандлигига кўмаклашиш бўйича мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар бериш мақсадида ушбу маблағлардан фойдаланадилар.
Микрокредитлар кичик корхоналар, микрофирмалар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, оилавий корхоналар, ЯТТ, ҳунармандлар ва уларнинг шогирдлари, шахсий томорқа хўжаликларида банд бўлган жисмоний шахслар ва ўз ишини очган аҳолининг бошқа тоифаларига ЭКИҲнинг 500 бараваригача бўлган миқдорда берилади.
Кредит муддати – 3 йилгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан, МБ қайта молиялаштириш ставкасининг 50%лик фоиз ставкаси бўйича, шу жумладан ажратилаётган кредит ставкасидан 50% миқдоридаги тижорат банки маржасини ҳисобга олган ҳолда берилади.
Қуйидаги йўналишлар бўйича мини-лойиҳалар амалга оширилади:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, газламалар тайёрлаш ва бўяш, тайёр кийим-кечакларни тикиш, қандолат ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш, бошқа турдаги истеъмол товарларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий мини-технологияларни харид қилиш;
- хизмат кўрсатиш ва сервис, айниқса маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа турдаги талабгир хизматлар соҳасини ривожлантириш;
- шахсий томорқа (деҳқон) хўжаликларини ривожлантириш, шу жумладан енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, қорамол ва парранда, қишлоқ хўжалиги анжомлари ва асбоб-ускуналарини харид қилиш;
- миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни, айниқса қишлоқ ҳудудларидаги хотин-қизлар орасида ривожлантириш;
- туманлар ва шаҳарларнинг ишлаб чиқаришга ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишлар.
Учинчидан, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Микрокредитбанк» АТБ томонидан аёллар тадбиркорлиги, касаначилиги ва ҳунармандчилиги микромолиялаштирилишига киришиш режалаштирилмоқда (1.05.2018 йилдан). Субсидиялар Тадбиркорлик фаолияти ривожлантирилишини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига тақдим этиладиган микрокредитлар бўйича 0,4 гача фоиз ставкасини ташкил этади.
Ишсизликни суғурталаш
Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизликни суғурталаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда, у субсидиялашнинг иккита шаклини назарда тутади.
1) ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган субсидияларни тақдим этиш:
- тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган, рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларга. ЯТТни рўйхатдан ўтказиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида харажатларни тўлаш учун, шунингдек микрокредит олишда суғурта полиси ҳақини тўлаш харажатларини қоплаш қисмида субсидиялар назарда тутилади;
- аҳолининг ижтимоий ночор тоифасидан бўлган шахсларни квотадан ортиқ ишга қабул қилган корхоналарга, башарти мазкур ходимлар ишга қабул қилинган кундан бошлаб камида 12 ой ишласалар.
2) АБКМ томонидан йўлланган аҳолининг ижтимоий ночор тоифасидан бўлган ходимларни касбга ўқитиш ва малакасини ошириш учун иш берувчиларга ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган субсидиялар тақдим этиш.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Ленара Хикматова.