“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунга тузатишлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. У Савдо-саноат палатасининг форумида жойлаштирилган.
Бугунги кунда лицензия беришда унинг эгаси (лицензиат) билан лицензия битими тузилади. Бу лицензия олиш ва ундан фойдаланиш борасида у ва лицензияловчи орган ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи шартномадир.У ёзма равишда икки нусхада: тарафларнинг ҳар бирига биттадан расмийлаштирилади. Қонун лойиҳаси билан бу тартиб-таомилни бекор қилиш таклиф қилинаётир.
Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уни олиш учун талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига розилигини олиш талаб қилинади. Розилик олинмаган тақдирда лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинади.
Лойиҳага таклиф: лицензиат қандай тартибда лицензия талаблари ва шартларига ўз розилигини бериши лозимлигини акс эттириш зарур (тегишли тартиб-таомилни регламентлаш ёки бланкет нормани киритиш).
“Ягона дарча” ягона марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритилган лицензиялар ЯИДХП орқали электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади. Лицензияни тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш тўғрисида ҳам электрон хабарнома юборилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Моҳина Мирзаева.