Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди, у 27.08.2020 йилга қадар муҳокама қилиш учун ҚҲТБТ порталига жойлаштирилган.
Қарор лойиҳаси Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ–5816-сон Фармонига мувофиқ тайёрланган.
Ҳужжат билан “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ нотариусларнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълумот учун қабул қилинган.
Қарор билан қуйидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш кўзланмоқда:
- “Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти”;
- “Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти”;
- “Нотариуслар томонидан мол-мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти”;
- “Нотариуслар томонидан ишончномаларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти”;
- “Нотариуслар томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беришнинг маъмурий регламенти”.
Регламент:
- нотариус у ёки бошқа нотариал ҳаракат доирасида талаб қилиб олиши керак бўлган маълумотларнинг қатъий рўйхатини белгилайди;
- ҳужжатни расмийлаштириш жойи, хусусан ариза берувчи талабига биноан нотариуснинг жойига чиқиш имкониятини белгилайди.
“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига асосан нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади, бироқ расмийлаштирилган ҳужжат матни ариза берувчининг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилиши мумкин.
Маъмурий регламент:
- нотариал идорага мурожаат қилиш тартибини;
- мурожаат қилувчини қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш тартибини;
- зарур ҳужжатлар рўйхатини;
- вояга етмаган, муомала лаёқати чекланган ва муомалага лаёқатсиз, кар-соқовлик нуқсони ва кўзи ожиз бўлган шахслар иштирокида битимни тасдиқлаш тартибини;
- тасдиқланадиган битим лойиҳасини тайёрлаш тартибини;
- битим юзасидан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини;
- битимни тарафлар томонидан имзолаш тартибини;
- битимни ўзгартириш ва бекор қилиш тартибини;
- ҳужжатларни нотариал идорада сақлаш ва нотариал архивга топширишни белгилайди.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.