Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Пойтахтимизда халқ депутатлари туман кенгашлари пайдо бўлади

08.08.2017


«Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси бўйича депутатларнинг тушунтиришлари.

 

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлгани сингари пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017–2021 йилларда  мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланган. Ушбу вазифаларни бажариш, пойтахт минтақасини ривожлантириш даражасини янада оширишда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари муҳим ўрин тутади.

 

Давлат раҳбарининг 2017 йил 12 апрелда Чилонзор туманига ташрифи чоғида берилган топшириққа мувофиқ ҳамда қўйилган вазифаларни амалга ошириш, жумладан давлат ҳокимияти вакиллик органларининг Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда иштирок этишини таъминлаш ва уларнинг бюджет соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Бюджет кодексига мувофиқ, туманлар (шаҳарлар) бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг ваколатига киради.


Бироқ, амалдаги қонун ҳужжатларида (Конституциянинг 99-моддаси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси) туман бўйсунувидаги шаҳарларда ҳамда шаҳар таркибидаги туманларда халқ депутатлари Кенгашлари тузилмаслиги белгиланган. Мазкур тақиқ Тошкент шаҳри туманлари даражасида маҳаллий бюджетлар лойиҳаларининг ва улар ижросининг муҳокамасини ўтказиш имконини бермайди. Ҳозирги кунда шаҳар таркибидаги туманлар фақат Тошкент шаҳрида мавжуд (11 та туман).

 

Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этиш учун Конституция,  ва бошқа қонунларга юқорида кўрсатиб ўтилган тақиқни олиб ташлаш билан боғлиқ ўзгартишлар киритиш, шунингдек сайловни белгиланган тартибда ўтказиш талаб этилади.

 

Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади (навбатдаги сайлов 2019 йил декабрда ўтказилади).

 

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда давлат ҳокимиятининг демократик асосларини, вакиллик органларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, шунингдек маҳаллий Кенгашларга сайловни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига тўла мувофиқ ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум қабул қилинган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ўтказиш мақсадида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси келишилган1 ҳолда ишлаб чиқилди. Унда қуйидагилар таклиф этилмоқда:

     

  • Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловни 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш;
  •  

  • Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларининг сайланган депутатлари ўз ваколатларини Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайлов натижаларига кўра уларнинг янги таркиблари шакллантирилгунига қадар амалга оширишларини белгилаш;
  •  

  • халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2017 йилда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун туман сайлов комиссиялари тузилишини, сайлов округларининг сони белгиланишини таъминлашни топшириш;
  •  

  • Конституция ва бошқа қонунларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш:

      – шаҳар таркибидаги туманларда халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этишга доир тақиқни чиқариб ташлаш;

      – янги Кенгашлар ташкил этилиши муносабати билан шаҳарлардаги туманлар ҳокимларини лавозимга тасдиқлаш, шунингдек уларнинг ҳисоботларини эшитиш халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан амалга оширилишини белгиловчи тартиб ўрнатиш.

 

Ўйлаймизки, таклиф этилаётган ўзгартишлар:

  • пойтахт жамоатчилигига Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштироки ва ролини кучайтириш, туманларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш имконини беради;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор дастурларини амалга ошириш, туманларнинг бош планлари ва қурилиш қоидалари, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг миқдорларини белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ улар бўйича имтиёзлар бериш устидан назорат қилиш механизмни ўрнатилишини таъминлайди.

 

 

Алия Юнусова,

Шуҳрат Мамаджанов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.


 

 

 


1Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Молия ва Адлия вазирликлар,  хамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилган.