Инновацион ривожланиш вазирлиги ҚҲТБТ порталида Президентнинг қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга йўналтирилган фармони ва қарори лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш агентлигини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилмоқда. Унга қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ваколатларини бериш режалаштирилмоқда.
Агентликнинг Илмий-техникавий ва эксперт кенгашини ҳам ташкил этиб, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, бошқа алоқадор вазирлик ва идоралар вакилларини, шунингдек қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасидаги мустақил халқаро экспертларни унинг таркибига киритиш ташаббуси билан чиқилди.
Қайта тикланувчи энергетика соҳасида йирик объектларни ривожлантириш ва қуришга доир стратегик масалалар бўйича барча қарорлар Агентликнинг Илмий-техникавий ва эксперт кенгаши хулосалари асосида қабул қилиниши кўзланмоқда.
Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш агентлигининг юридик шахсни ташкил этмайдиган Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлиши керак. У халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши кўзланмоқда.
Жамғарма маблағларини қуйидагиларга йўналтириш таклиф этилмоқда:
- Агентликнинг қайта тикланувчи энергетика объектларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлаш юзасидан ташкилий ишлар билан боғлиқ вазифаларини самарали бажаришга;
- Агентликнинг ходимларини моддий рағбатлантириш, маслаҳатчилар, шу жумладан хорижий маслаҳатчиларни жалб этиш, шунингдек хорижий хизмат сафарлари харажатларини қоплашга;
- Агентликнинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;
- ахборот технологияларини жорий этиш ва модернизациялаш, Агентликнинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлашга;
- Агентликнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тадбирларга.
Шу билан бирга Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссиясини тугатиш таклиф этилмоқда. У Президентнинг 5.05.2015 йилдаги «2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПҚ–2343-сон қарори билан ташкил этилган эди.
2019 йил учун 2020–2030 йиллар даврида Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш концепцияси ҳамда Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Ушбу ҳужжатлар қуйидагиларга йўналтирилиши кўзланмоқда:
- Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс ёндашув ва стратегик вазифалар;
- саноат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражада бўлишини таъминловчи замонавий илғор технологияларни қўллаган ҳолда қайта тикланувчи энергетика объектлари ва тегишли инфратузилмани қуриш;
- мамлакат ва хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек қайта тикланувчи энергетика соҳасида етакчи хорижий компанияларда уларни стажировкадан ўтказиш.
Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Гаевой.