Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Президентнинг “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тадбиркорлар кенгаши фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Тадбиркорлар кенгашини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланади:
- Тадбиркорлар кенгаши фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси таркиби;
- Кенгашнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, Кенгаш таркибини шакллантириш, фаолиятини ташкил этиш ва унинг мажлисини ўтказиш тартибини назарда тутувчи Тадбиркорлар кенгаши тўғрисидаги намунавий низом.
Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари бўлади:
- тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси таъминланишини назорат қилиш;
- тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ҳолатини ва унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тизимини таҳлил қилиш;
- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича НҲҲлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш заруриятини кўриб чиқиш;
- тадбиркорлик субъектларининг инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспортни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.