Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Ташқи реклама соҳаси тартибга солинади

27.04.2018

 

ҚҲТБТ порталида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

 

Давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилади

 

Ташқи реклама соҳасини тартибга солиш вазифалари қуйидагича тақсимланиши таклиф этилмоқда:

  • Вазирлар Маҳкамаси – аҳоли пунктлари архитектура қиёфасини ҳисобга олган ҳолда ташқи реклама объектларини жойлаштириш тартибини, шу жумладан реклама конструкциялари ташқи кўринишига қўйиладиган асосий талабларни тасдиқлаш, шунингдек минтақалар бўйича табақалаштирилган ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғим миқдорини белгилаш; 
  • Қурилиш вазирлиги – ташқи реклама объектлари, шу жумладан реклама конструкцияларини қуришда шаҳарсозлик нормаларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • Давлат рақобат қўмитаси – реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан унинг мазмуни ва жойлаштирилиши талабларига риоя этилиши, шунингдек йиғим ва реклама соҳасида статистикани умумлаштириш устидан назорат қилиш;
  • «E-IJRO AUKSION» – очиқ электрон аукционлар ўтказиш воситасида ер участкаларида ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқини тақдим этиш (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари қурилиш органлари ва Давлат рақобат қўмитаси билан биргаликда – ташқи реклама объектларини қуриш учун бериладиган ер участкалари рўйхатини шакллантириш, шунингдек уларнинг жойлашув карталарини (схемаларини) тузиш ва веб-сайтларида эълон қилиш.

 

Давлат муассасалари биноларига рекламани жойлаштиришга рухсат берилади

 

Давлат бошқаруви органлари ва давлат ташкилотлари уларга тегишли биноларни (бошқа мол-мулкни) ташқи реклама учун тақдим этадилар. Улар билан реклама тарқатувчилар ва «Ижара маркази» ДУК шартнома тузади.

 

Бунда рекламани жойлаштириш учун ажратилган умумий вақтнинг камида 20%и ижтимоий рекламага ажратилади. Ижтимоий рекламани жойлаштиришнинг энг кам ҳажми («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси) ҳар бир ташқи реклама объекти бўйича ҳисобланади.

 

«Рекламадан холи зоналар» ташкил этилади

 

Туманларда (шаҳарларда) «рекламадан холи зоналар» ташкил этилади. Улар давлат ҳокимият органлари, маданий-тарихий, диний ва табиатни муҳофаза қилиш объектлари жойлашган жойларда бўлади. Бу ҳақда аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига хабар қилинади.

 

У ерда электрон аукционлар якунлари бўйича ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқини олган ва мазкур зоналар инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш мажбуриятини қабул қилган инвесторларгина тижорий ташқи рекламаларни жойлаштиришлари мумкин бўлади.

 

Ахлоқ қоидаларига зид рекламаларга рухсат берилмайди

 

«Тошкент реклама сервис» ДУК (реклама-ахборот фаолияти бўйича пойтахт ҳокимлиги комиссияси ишчи органи – таҳр.) тугатилади. Унинг ўрнига «Тасвирий ойина» ижодий бирлашмасининг пойтахт филиали очилади. Бу ташкилот реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлайди. Асосийси – ташқи рекламада ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига тажовуз қилинишига, ўсиб келаётган авлодга салбий таъсир этувчи деструктив маълумотлар берилишига йўл қўймаслик.

 

Бирлашма шартнома асосида ижтимоий ва тижорий ташқи реклама ғояси, мавзуси ва эскизларини ихтиёрий экспертизадан ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатади.

 

Рекламани ноқонуний жойлаштирганлик учун жарималар жорий қилинади

 

Ташқи реклама объектларини (реклама конструкцияларини) ноқонуний жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (МЖТКнинг 1781-моддаси), порнографик маҳсулотларни (МЖТКнинг 189-моддаси) ва зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни реклама қилганлик учун (МЖТКнинг 1891-моддаси) маъмурий жарималар амал қилмоқда.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум