Ташқи савдо вазирлиги эксперт ташкилотлари товарларни ТИФ ТН кодлари бўйича таснифлаш хизматларини кўрсатиши регламентини ишлаб чиқди. Лойиҳа ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.
Амалдаги қонунчиликда эксперт ташкилотлари товарларни ТИФ ТН кодлари бўйича таснифлаш хизматларини кўрсатиши тартибини белгиловчи нормалар ва уни тартибга солиш механизми мавжуд эмас. Тегишли низомларнинг тасдиқланиши зарур ҳуқуқий асос яратади.
Эксперт ташкилоти деганда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, штатида товарларни ТИФ ТН кодлари бўйича таснифловчи ва эксперт хулосаси берувчи сертификатланган эксперт бўлган юридик шахс тушунилади.
Экспертларни малака имтиҳонидан ўтказиш ва ундан муваффақиятли ўтганларида сертификат бериш тартибини белгилаш таклиф этилмоқда. Ушбу чора ТИФ ТН товар кичик ёрдамчи позицияларига нисбатан жорий этиладиган тариф ва нотариф тартибга солиш нормалари бир хил таснифланиши ва тўғри қўлланилишини таъминлашга имкон беради.
Ариза берувчи эксперт хулосасини олиш учун эксперт ташкилотига қуйидагиларни тақдим этиши кераклигини белгилаш режалаштирилмоқда:
- белгиланган шаклдаги ариза;
- импорт қилинаётган товарларнинг товарга илова қилинадиган ҳужжатлари (темир йўл, авиа ёки юкка тегишли юкхатлар, инвойс, контракт ёки шартнома);
- келиб тушган (импорт қилинаётган) товарнинг ўраб-жойланган ва муҳрланган намунаси (нусхаси) (йирик ҳажмли товарлар сақлаш жойида ўрганилади);
- товарларни таснифлашда асосий таснифлаш мезонлари етарли бўлмаган ва мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлиши талаб этиладиган ҳолларда технологик жараён тавсифи, аккредитацияланган ва (ёки) аттестацияланган лабораторияларнинг синов натижалари, техник тартибга солиш соҳасидаги миллий ва (ёки) халқаро норматив ҳужжатлар;
- ариза берувчининг хати билан тақдим этилган, ТИФ ТН кодлари бўйича таснифлаш учун зарур бўлган проспект, каталог, техник паспорт, қўлланма ёки товар ҳақида ахборот.
Эксперт ташкилотларининг вакилларига зарур ҳолларда божхона назорати остида ва товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахс ҳозирлигида, зарур бўлганда – мутахассис иштирокида товарлардан намуна ва нусхалар олиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа ўзгартиришларсиз тасдиқланса, аризаларни кўриб чиқиш, расмийлаштириш ва ариза берувчига эксперт хулосаси бериш ариза берувчи билан келишилган муддатларда, бироқ эксперт ташкилотига ариза келиб тушган кундан бошлаб 7 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади. Ўрганилиши лозим бўлган товарлар ҳажми кўп бўлганда ушбу муддатни узайтириш мумкин бўлади.
Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.
Олег Гаевой.