Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари маъқулланди.
Депутатлар “Умумжаҳон почта иттифоқининг Уставига Тўққизинчи қўшимча баённомани (Истанбул, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон 1994 йилдан буён Умумжаҳон почта иттифоқининг аъзоси ҳисобланади, унинг фаолиятида фаол иштирок этади ва халқаро муносабатларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Умумжаҳон почта иттифоқининг Устави унинг фаолиятини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Конгресс (аъзо мамлакатлар вакилларидан иборат Иттифоқнинг олий органи) томонидан ушбу Уставга ўзгартиш қабул қилинганда Қўшимча баённома тузилади.
Маълумот учун: Умумжаҳон почта иттифоқининг XXVI Конгрессида қабул қилинган Умумжаҳон почта иттифоқининг Уставига доир тўққизинчи қўшимча баённома мазкур ҳужжатнинг 1, 1бис и 22-моддаларига тузатишларни ҳам ўз ичига олади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизга Умумжаҳон почта иттифоқининг Уставидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш, халқаро ташкилотларда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради. Бундан ташқари, мазкур халқаро ташкилот аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек янги технологиялар ва андозаларни қўллаган ҳолда сифатли, самарали ва хавфсиз почта алоқаси хизматларини барқарор ривожлантиришни давом эттиришга хизмат қилади.
Шунингдек “Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти Уставини (Боку, 2015 йил 26 ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун ҳужжати:
- ушбу соҳаларда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга;
- Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги ютуқларини кенг тарғиб қилишга;
- мамлакатимизнинг ислом тамаддунидаги буюк ролини ёритишга;
- халқаро жамжамиятни республикамизнинг қадимий тарихи ва маданий мероси билан таништиришга хизмат қилади.
Уставнинг кучга кириши билан Тошкент ислом университети ҳузуридаги ISESCO Махсус кафедрасининг тўлақонли фаолияти йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ISESCO билан ҳамкорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2017 йилдаги 821-сон қарори билан белгиланган (шарҳга қаралсин).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг материаллари асосида