Давлат божхона қўмитаси Ваколатли иқтисодий операторнинг фаолиятини шакллантириш ва ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилади (24.11.2018 йилдаги ПФ–5582-сон Фармонга қаранг).
Ваколатли иқтисодий оператор – Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона операцияларини амалга ошириш чоғида махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллардан фойдаланувчи юридик шахс. Операторларни «А» ва «Б» тоифаларига бўлиш таклиф қилинмоқда.
«А» тоифасига эга бўлган операторга қуйидаги махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллар тақдим этилади:
- товарларни биринчи навбатда декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ бўлган божхона операцияларини амалга ошириш;
- товарларни божхона кузатувисиз ва ташиш йўналишини белгиламасдан ташиш;
- божхона тўловлари тўланишини таъминламаган ҳолда операторнинг товарини жўнаш божхона органидан бориш жойигача етказиб бериш;
- товарларни операторнинг бинолари, очиқ майдончалари ва бошқа ҳудудларида божхона назорати остига жойлаштириш;
- товарларни чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини божхона органлари томонидан олдиндан рўйхатдан ўтказилган операторнинг бинолари, очиқ майдончалари ва бошқа ҳудудларида ўтказиш;
- операторнинг транспорт воситаси билан божхона транзити амалга оширилганда божхона тўловлари тўланиши таъминотини тақдим этиш талабини қўймаслик;
- божхона тўловларини 60 календарь кунгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берган, божхона тўловлари тўланиши таъминотини тақдим этмаган ҳолда товарларни эркин муомалага чиқариш.
«Б» тоифасига эга бўлган операторга қўшимча равишда қуйидаги махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллар тақдим этилади:
- товарларни чиқаришда божхона қиймати шартли белгиланганда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш талабини қўймаслик;
- айрим ҳужжатлар (мувофиқлик сертификати) бўлмаганда, уларни 60 календарь кун ичида кейинчалик тақдим этган ҳолда товарларни (озиқ-овқат товарлари ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) шартли чиқариш;
- божхонанинг ижобий хулосаси олинганидан кейин транспорт воситаларининг юкхоналари (бўлмалари) ёки уларнинг қисмларига, экспортга жўнатилаётган товарларга оператор қўйган пломбаларнинг божхона органлари томонидан идентификация воситалари сифатида тан олиниши;
- божхона тўловларини 60 календарь кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берган, божхона тўловлари тўланиши таъминотини тақдим этмаган ҳолда товарларни эркин муомалага чиқариш;
- давлат божхона хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш ва тартибини мақбуллаштиришга йўналтирилган пилот лойиҳалар ва экспериментларда устувор тартибда иштирок этиш;
- божхонага оид масалаларни мувофиқлаштириш ва ҳал этишда операторга кўмаклашиш мақсадида божхона хизматининг масъул ходимини тайинлаш.
«Б» тоифасининг махсус соддалаштирилган тартиб-таомилларига эга бўлиш учун ташкилот «А» тоифасини олган кундан эътиборан камида 24 ой давомида «А» тоифасига эга бўлган оператор сифатида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши керак. Юридик шахс махсус реестрга киритилган кундан бошлаб махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллар тоифаси кучга киради ва чекланмаган амал қилиш муддатига эга бўлади.
Реестрга киритишлари учун юридик шахс ДБҚга ариза топширади, унга қуйидагилар илова қилинади:
- раҳбар муҳри ва имзоси билан тасдиқланган юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари нусхалари;
- ариза топширгунга қадар юридик шахсда охирги 6 календарь ойда божхона ва солиқ тўловлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлган бўлса, 500 000 АҚШ доллари миқдоридаги таъминот сифатида банк кафолати.
Лойиҳада ваколатли иқтисодий оператор мувофиқ келиши шарт бўлган талаблар, шунингдек унинг фаолиятини тартибга солувчи нормалар батафсил баён этилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Гаевой.