Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. ЎзА шу ҳақда хабар беради.
Қайд этилишича, ҳужжат билан жиноят процессига видеоконференцалоқа тизими жорий этилади. Бунинг учун Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан мамлакатимиз ва хориж тажрибаси ўрганилди, шунингдек яқинда қабул қилинган Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари қоидалари ҳисобга олинди.
Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, видеоконференцалоқадан жиноят суди ишларини юритишда янада ҳаққонийроқ гувоҳлик кўрсатмаларини олиш ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган шахснинг процессда иштирокини таъминлаш мақсадида фойдаланилади. Киритилаётган тузатишлар суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш имконини беради.
Таҳририятдан. Ҳозир Жиноят-процессуал кодексининг 96-моддаси маъносига кўра сўроқ қилинувчи билан виртуал эмас, балки у жойлашган жойда сўроқ ўтказиш зарур. Бу муайян чекловларни юзага келтиради.
Масалан, судланувчининг адвокати ва судланувчининг ўзи хавфсизлиги таъминланган гувоҳ ёки жабрланувчи судда сўроқ қилинганда амалда иштирок эта олмайдилар. Бундай ҳолларда жабрланувчи ёхуд гувоҳнинг шахси ошкор этилмайди. Аввалги сўроқлар баённомалари судга тақдим этилади, сўроқ қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган уларнинг кириш қисмлари эса муҳрланган ҳолда келиб тушади (ЖПКнинг 375, 380, 38113-моддаларига қаранг).
Бундан ташқари, ЖПКнинг 479-моддасига мувофиқ, жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумлар ишни кассация ва назорат тартибида кўриш чоғида иштирок этиш ҳуқуқидан расман маҳрум этилганлар. Жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумнинг кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисида иштирок этиши, шунингдек уни суд мажлисига олиб келиш зарурлиги масаласини суд ҳал қилади.