“Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминланиши, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
– Кўриб чиқилаётган лойиҳанинг битта нормаси устида, айнан текширувлар даврийлиги ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Белгиланиши бўйича улар жазо дастаги эмас, балки бизнес тузилмалари фаолиятини мониторинг қилиш механизми бўлиши керак. Шунинг учун уларни ўтказиш даврийлиги шунга мос бўлиши лозим ҳамда бу форс-мажор ҳодисаси бўлмаслиги керак.
Қайд қилиш лозимки, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг “Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида Низомга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори (13.05.2013 йилдаги) ўз миссиясини аллақачон бажарди. Ҳаётий воқелик энди “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Хусусий корхона тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунларни ҳамда Солиқ кодексини ўзгартиришни талаб этади. Бу ўзгартиришлар қуйидагиларни кўзда тутади:
-микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятини режали текширишлар тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда, бошқа тадбиркорлик субъектларини режали текширишлар эса - уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда амалга ошириш;
-жиноий ишлар доирасида амалга оширилаётган текширишларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жалб этилган адвокатларнинг мажбурий иштирок этиши, хўжалик юритувчи субъект томонидан бу ҳуқуқдан бош тортиш ҳоллари бундан мустасно;
-молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишларни ўтказишни 10 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатга белгилаш;
-тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини режали текширишни қамраб олиши мумкин бўлган даврни белгилаш.
Охирги бандга келсак, Солиқ кодексининг 91-моддасининг ўн биринчи қисмига хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақатгина сўнгги режали текширишлардан кейин келадиган даврни, бироқ янги текширув ўтказилишидан бевосита беш йилдан кўп бўлмаган даврни қамраб олади деган қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.
Бундай дефиницияларнинг киритилиши ҳамда қонунни таклиф этилаётган форматда қабул қилиниши яқин келажакда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини “ҳаракатга келтиради”, келажакда бизнес тузилмаларни назорат қилишни амалга ошириш тизимини тубдан ўзгартиради ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ривожи учун ҳақиқий қулай шароитлар яратади.
Қутлимурат БАБАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеп Фракцияси аъзоси