Марказий банк Бошқаруви қарори (рўйхат рақами 2944, 2017 йил 6 ноябрь) билан Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Халқаро тўлов картасига жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан валюта сотиб олиш
Валюта сотиб олиш учун жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар банкнинг конверсион бўлимига мурожаат этишлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари зарур.
Валютани айирбошлаш жисмоний шахснинг банк картаси ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварағидан миллий валютани операция бажариладиган кундаги чет эл валютасини сотиш курси бўйича ечиб олиш йўли билан амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсга терминал чекининг асл нусхаси берилади, унинг нусхаси эса конверсион бўлимнинг кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварағидан миллий валюта келиб тушганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхалари ҳам ўша ерга тикилади.
Шундан сўнг шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги тегишли маълумотлар асосида 09017-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. Мазкур маълумотнома тўлов ҳужжатлари билан бирга валютани халқаро тўлов картасига (ХТК) ўтказиб бериш учун асос бўлади. Эътиборли жиҳати шундаки, агар у мавжуд бўлмаса, жисмоний шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга валюта ҳисобварағи очилади ва ХТК берилади.
Бу - муҳим! Конверсион бўлим томонидан сотиладиган чет эл валютасининг кунлик миқдори банк раҳбарининг буйруғи билан аниқланади.
Банклар томонидан ХТКдаги чет эл валютасини харид қилиш
ХТКдаги чет эл валютасини сотиш учун жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тижорат банкининг исталган конверсион бўлимига шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат этишлари мумкин.
Чет эл валютасини айирбошлаш электрон тизимга маълумотларни киритиш йўли билан операция бажарилган кундаги курс бўйича амалга оширилади. Бунда битим миқдори ХТКдаги валюта миқдорини тўлиқ ёки қисман қоплаши мумкин. Мижозга 09020-шаклдаги маълумотноманинг бир нусхаси берилади.
Бу - муҳим! Жисмоний шахслар валюта айирбошлаш шохобчаларида ХТКдаги чет эл валютасини нақд пулга айирбошлашга ҳақли.
Банклар томонидан нақд чет эл валютасини айирбошлаш шохобчалари орқали харид қилиш
Ўрнатилишича, жисмоний шахслар ва норезидентлар битим суммаси ЭКИҲнинг 500 бараварига тенг ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (материал эълон қилинган кунда – 74 887 500 сўм) нақд чет эл валютасини сотиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари шарт (норезидентлар – фақат паспорт). Бунда 09002-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади, уларнинг ҳар иккаласига назоратчи, кассир ва жисмоний шахс томонидан имзо чекилади ҳамда айирбошлаш шохобчаси, назоратчи ва кассирнинг штамплари қўйилади.
Нақд чет эл валютасининг ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилган ҳолатларда экспертиза ўтказиш учун ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат (норезидентлар учун – фақат паспорт) тақдим этилиши керак бўлади. Экспертиза натижасига кўра валюта сохта деб топилган тақдирда у эгасига қайтарилмайди ва экспертиза далолатномаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.