Жорий йил 1 сентябрь, 2019 йил 1 январь ва 1 июль ойларидаги индексацияни ҳисобга олган ҳолда базавий лавозим маошлари миқдорлари тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2018 йилдаги 662-сон қарорида рақамлар келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнат ҳақини ошириш давлат раҳбарининг иккита қарорида (5.04.2018 йилдаги ПҚ–3655-сон; 20.07.2018 йилдаги ПҚ–3876-сон қарорларга қаранг) назарда тутилган. Уларда индексация фоиз ифодасида кўрсатилган, у босқичма-босқич: жорий йил 1 сентябрда, 2019 йил 1 январь ва 1 июлда амалга оширилади.
Энди индексациянинг ҳар бир босқичида фан ва олий таълим соҳаси вакиллари базавий лавозим маошларининг аниқ суммалари маълум бўлди. Қуйидаги ҳаволалар орқали ўтиб, улар билан танишиб чиқишни таклиф этамиз:
- олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорлари (кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи);
- олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорлари (ректор, проректор, филиал директори ва директорининг ўринбосари, декан ва декан ўринбосари);
- бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорлари (институт директори, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, институт ва бошқа илмий муассасалар филиалининг директори, институтнинг илмий котиби, илмий-тадқиқот лабораторияси (бўлими) мудири, бош, етакчи, катта, кичик илмий ходим, стажёр-тадқиқотчи).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.08.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.