Президентнинг 24.11.2018 йилдаги «Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унинг матни ЎзАда жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда параллель равишда иккита уй-жой дастури амалга оширилмоқда:
- 2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури (21.10.2016 йилдаги ПҚ–2639-сон қарор билан тасдиқланган). Дастурда қандай иштирок этиш мумкинлиги ҳақида – бу ерда;
- 2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури (22.11.2016 йилдаги ПҚ–2660-сон қарор билан тасдиқланган). Уни амалга ошириш дастури – бу ерда.
Кўрсатилган дастурларнинг асосий параметрларига вақти-вақти билан тузатишлар киритилади. Масалан, Президентнинг 18.07.2018 йилдаги ПҚ–3863-сон қарори билан бир қатор ўзгартиришлар назарда тутилган (шарҳга қаранг). Бундан ташқари, дастурларда иштирок этишга ҳақли бўлган фуқаролар тоифалари рўйхати кенгайиб бормоқда. Мисол учун, Ҳукумат ИИОнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларига, шунингдек оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ана шундай имконият берди.
Қабул қилинган ҳужжатда қуйидаги янгиликлар назарда тутилган.
Биринчидан, 2019 йилдан бошлаб қуйидаги янги намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилади:
- «Обод қишлоқ» дастурига киритилган аҳоли пунктларида, шунингдек, аҳолиси зич бўлмаган ва зарур муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланмаган ҳудудларда 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 1 қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлар;
- «Обод қишлоқ» дастурига киритилган аҳоли пунктларида, шунингдек, аҳоли зичлиги юқори бўлган ва зарур муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан таъминланган ҳудудларда 4 қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар;
- шаҳарларда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун 5 қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар.
Бунда бўш ер участкалари мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида қуриш йўл бўйларида жойлашган яроқсиз уй-жойлар, бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган ҳудудларда чизиқли-қаторли кўринишда жойлаштирган ҳолда амалга оширилади.
2019 йилнинг июлигача арзон уй-жойлар қурилиши мониторинги бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилиб, татбиқ қилинади. Унинг ёрдамида қурилишни молиялаштиришнинг бориши, бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажмлари ва назорат тартибида ўлчаш натижалари тўғрисидаги долзарб ахборотни тезкор олиш мумкин бўлади. Кейинги йилдан бошлаб қурилиши тугалланган арзон уй-жойларда асосли тарзда назорат тартибида ўлчаш натижалари бўйича аниқланган ва ушлаб қолинган суммалар уй-жой қурувчиларга қайтарилади.
Иккинчидан, иштирок этувчи тижорат банклари уй-жой қурувчиларга 2 йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7% ставкаси билан ва кейинги даврда МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида:
- қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойларни сотиб олиш учун – 20 йил муддатга ва уй-жой қурувчиларнинг бошланғич бадали 10% миқдорида;
- Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда ИИО ходимлари томонидан арзон кўп квартирали уйларни сотиб олиш учун – 15 йил муддатга ва уй-жой қурувчиларнинг бошланғич бадали 25% миқдорида ипотека кредитлари тақдим этади.
Учинчидан, пойтахт ҳокимлиги иштирок этувчи банклар билан биргаликда (22.11.2016 йилдаги ПҚ–2660-сон қарорга мувофиқ) шаҳарда қурилаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ҳисобидан ҳар йили:
- ФВВ тизими ҳарбий хизматчилари, қутқарувчилари ва ходимлари учун – 56 та квартира;
- Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари учун – 300 та квартира;
- ИИО ходимлари учун – 168 та квартира;
- Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.2017 йилдаги 753-сон қарорига мувофиқ мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун – 420 та квартира;
- Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2018 йилдаги 285-сон қарорига мувофиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун – 66 та квартира ажратилишини таъминлайди.
Олег Заманов.