Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Янги қонун: аввал синалади – кейин жорий этилади

15.11.2019

Читать на русском языке

 

7.11.2019 йилдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги ЎРҚ-581-сон Қонун эълон қилинди. Қонун нормалари айрим туман ва шаҳарларда дастлабки синовдан ўтказилади, кейин эса тузатишлар киритилиши мумкин ва шундан кейингина улар кучга киради.

                      

Бу ҳужжат ушбу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатининг учинчи версияси ҳисобланади: биринчи қонун 1999 йилда, иккинчиси – 2006 йилда қабул қилинган эди. Тўпланиб қолган муаммолар – ХУМШ ва УКХ ташкилотлари ҳамкорлигининг сустлиги, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда комплекс ёндашувнинг ҳамда уни бут сақланишини таъминлаш устидан назоратнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан таъмирлаш-тиклаш ишлари муддатлари ва қоидаларининг бузилиши кабилар қонун чиқарувчилар томонидан қонун қайта кўриб чиқилишини тақозо этди.

 

Янги қонун устида ишлаш анча вақт талаб этди. Қонун лойиҳаси жамоатчиликка бир йилча олдин тақдим этилган эди. Лойиҳа экспертлар давраларида муҳокама қилинди, маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан маслаҳатлашилди, бундан кейин эса билдирилган фикрлар, эътирозлар ва таклифлар ҳисобга олиниб, ҳужжатга тузатишлар киритилди.

 

Қонуннинг янги таҳрири амалдагисидан қандай фарқланади:

биринчидан, унда айрим атамаларга («кўп квартирали уй» ва бошқалар) таърифлар берилган, уйларга туташ ҳудудларга муносабатлар ва бошқа умумий қоидалар янада батафсил тартибга солинган;  

иккинчидан, бир тарафдан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан соҳани мувофиқлаштириш йўналишлари ва Уй-жой фонди инспекциясининг назорат ваколатлари, бошқа тарафдан эса уй-жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилди. Кўп квартирали уйларнинг бошқарув органларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастаклари кўпайтирилди – авария ҳолатларини тугатишда ҳамда соҳа учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда кўмаклашиш улар жумласига киритилди;

учинчидан, тартиб-таомилларга оид масалаларга – кўп квартирали уйларни бошқариш усулини танлаш ва ўзгартириш тартибига, бундай шаклларнинг ҳар бирининг жиҳатларига – бино мулкдорлари, бошқарувчи ташкилотлар ёки бошқарувчи ёхуд ХУМШ томонидан бевосита бошқарув (ҳар бир шаклига алоҳида боб бағишланган);

тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзаро муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари белгиланди. Жойлардаги ҳокимият органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига кўп квартирали уйларни бошқарувчи органларнинг ишига аралашиш тақиқланди. Банк кредитларини олишда ҳокимиятлар кафил бўлиши мумкинлиги белгиланди. Субъектлар кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш ва бошқа масалалар юзасидан ташкилотлар билан ҳамкорлик қиладилар.  

 

Уй-жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулк таъминоти, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш, туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича бадаллари ёки тўловларига тааллуқли қисмида концептуал ўзгартиришлар киритилмаган. Уларнинг миқдори ҳозиргидек, умумий йиғилиш қарори билан белгиланади, харажатлар таркибини белгилаш тартиби Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланади (бу ерда қаранг). Илгари вазирлик ҳар йили бадалларнинг энг кам миқдорини тасдиқлаши ҳақида айтилган эди, бироқ ушбу механизмни амалга ошириш жараёнида муаммолар юзага келди.  

 

Қонун 2020 йил 1 августдан кучга киради. Бу ўзгартиришларни бирданига амалиётга киритмаслик, аввалига улар қанчалик ўринли эканлигини кузатишга қарор қилинганлиги билан боғлиқдир. 2020 йил 1 майгача янги қонун нормалари ишлашини синаб кўриш учун Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, шунингдек Жиззах ва Марғилонда ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Унинг якунларига кўра 2020 йил 1 июнгача ҳужжат такомиллаштирилишига зарурат бор-йўқлиги ва республиканинг бошқа ҳудудларида қандай қўлланилиши белгиланади. 

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан пойтахтнинг Юнусобод туманида кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш бўйича тажриба ўтказилмоқда. Тажриба доирасида барча ваколатлар профессионал бошқарув компанияларига берилган. Тажриба давомида юзага келган муаммоли жиҳатларни «Норма» газетасининг махсус мухбири Ирина Гребенюк шарҳлади. 

 

Олег Заманов.