ҚҲТБТ порталида Президентнинг Ўзбекистонда статистика тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги Фармони лойиҳаси жойлаштирилган.
Ҳужжатда ислоҳотларнинг устувор йўналишлари қайд этилади. Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси статистикасини 2020-2025 йилларда ривожлантиришнинг миллий стратегиясини, шунингдек уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш режалаштирилмоқда.
Асосий мақсад: ҳуқуқий ва ташкилий, статистик инфратузилмани ва маълумотларга ишлов беришни такомиллаштириш, фойдаланувчилар ва етказиб берувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни яхшилаш, айрим статистик кўрсаткичлар ва услубиятларни модернизациялаш. Лойиҳада соҳани ривожлантиришда статистик маълумотлар фойдаланувчиларини юқори даражада қаноатлаштириш, статистик маълумотларни етказиб берувчилар мотивацияси ва ходимларнинг юқори малакасини таъминлаш, самарали мувофиқлаштириш, давлат ва ҳамкорлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эришиш назарда тутилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси негизида барча ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислик шарти билан Миллий статистика қўмитасини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу бошқа давлат органлари ва ташкилотларига тобе бўлмаган, мустақил идора бўлиши режалаштирилмоқда, у бевосита Президент ва Бош вазирга ҳисобот беради.
Миллий статистика қўмитаси ва унинг тузилмавий бўлинмалари томонидан шакллантириладиган статистика маълумотлари расмий статистика маълумотлари сифатида эълон қилинади. Қўмитага вазирлик ва идораларнинг идоравий маълумотлар базасига кириш имконияти тақдим этилади. Статистика органлари ишига, шу жумладан расмий ҳисоботларни тўплаш ва кузатувларга аралашиш тақиқланади.
Миллий статистика қўмитаси раиси ва унинг тўрт ўринбосарлари, шу жумладан биринчи ўринбосари мамлакатимиз Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Идоранинг марказий аппаратида стратегия ва «Йўл харитаси»ни амалга ошириш ишларини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, ёзишмаларни тайёрлаш, ташкил этиш ва ўтказиш бошқармаси ва ушбу жараёнларни автоматлаштириш бўйича ихтисослаштириш бўлим шакллантирилади.
Статистика ишлари дастурини ишлаб чиқиш ва унинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш вазифаси Миллий статистика қўмитасининг Статистика кенгашига топширилади. Қўмита, Молия вазирлиги ва МБ, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакилларидан Миллий статистика қўмитаси ҳузурида Техник котибият, шунингдек стратегия доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича тармоқ ишчи гуруҳлари тузилади.
2021 йилдан бошлаб Миллий статистика қўмитаси томонидан халқаро эътироф этилган тавсияларга мувофиқ стандартлар ва тавсифларни унификациялаш учун барча расмий статистика ишлаб чиқарувчиларининг (давлат органлари ва уларнинг бўлинмалари) статистик услубияти даврий аудити ўтказилади. Натижаларга қараб орган томонидан тегишли эксперт хулосалари берилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.