Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Ижро этиш жараёни модернизация қилинади

01.12.2020

Читать на русском языке

 

Президентнинг 24.11.2020 йилдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжатда Мажбурий ижро бюроси ва унинг директори мақоми мустаҳкамланган, мажбурий ижро этиш жараёнига аралашмаслик ва давлат ижрочисига ноқонуний таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик тамойили белгиланган. Бироқ идора устидан парламент назорати ўрнатилади – 2021 йилдан бошлаб МИБнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳар ярим йилда ўз фаолияти тўғрисида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳисобот тақдим этиши лозим.

 

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика ва ҳудудий кенгашлари ташкил этилади. Улар маслаҳатлар бериш ва эксперт-таҳлил қилишга доир вазифаларни бажарадилар, МИБ органлари ишини мувофиқлаштирадилар ва бунда ижро ишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ёки бундай кўрсатмалар беришга ҳақли бўлмайдилар. Кенгашлар йиғилишлари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади, унда давлат органлари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этиши мумкин.

 

Ижро ҳужжатлари МИБ органлари иш юритувига ҳудуд ва тоифаларга қуйидаги тартибда тааллуқли бўлиши белгиланди:

МИБ марказий аппарати

МИБнинг ҳудудий бошқармалари

МИБнинг туман (шаҳар) бўлимлари

  • турли вилоятларда жойлашган бир нечта қарздорларга, шу жумладан солидар қарздорларга нисбатан берилган ижро ҳужжатлари;
  • ижро ҳужжати мажбурий ижро этиш учун тақдим этилган санада белгиланган БҲМнинг 100 минг баравари ва ундан ортиқ суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари;
  • хорижий давлатлар, уларнинг давлат органлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ҳукумат ташкилотлари ва уларнинг ваколатхоналари, шунингдек уларнинг дипломатик иммунитетга эга бўлган ходимларига нисбатан берилган ижро ҳужжатлари;
  • Бош давлат ижрочиси ёки унинг ўринбосари қарорига кўра Бюронинг ҳудудий органлари иш юритувидан марказий аппарат иш юритувчига олинган ва алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари
  • турли туман (шаҳар)ларда жойлашган бир нечта қарздорларга, шу жумладан солидар қарздорларга нисбатан берилган ижро ҳужжатлари;
  • ижро ҳужжати мажбурий ижро этиш учун тақдим этилган санада белгиланган БҲМнинг 50 минг бараваридан 100 минг бараваригача суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари;
  • ижро ҳужжати бўйияа қарздор-юридик шахс хорижий давлатнинг резиденти ҳисобланган ижро ҳужжатлари;
  • Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош давлат ижрочилари ёки уларнинг ўринбосарлари қарорига кўра Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари иш юритувидан ҳудудий бошқарма иш юритувчига олинган ва алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари

МИБнинг марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармалари иш юритувида бўлмаган бошқа ижро ҳужжатлари

Бунда мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида белгиланган тааллуқлиликдан қатъи назар ижро ҳужжати қуйидагиларнинг иш юритувига олиб берилиши мумкин:

  • Бош прокурорнинг топшириғига ёки Бош давлат ижрочисининг қарорига асосан МИБ марказий аппарати ёки муайян МИБ органи иш юритувига;
  • Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош давлат ижрочилари ёки уларнинг ўринбосарлари қарорларига асосан МИБнинг ҳудудий бошқармаси ёки тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) бўлими иш юритувига.

 

Бу сафар МИБ органларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди:

биринчидан, 1 ноябрдан бошлаб улар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш билан шуғулланмайдилар. Энди мазкур вазифа ушбу хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари ҳузуридаги санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказлари томонидан тўловлар ва қарздорликларни ҳисобга олишнинг ягона биллинг тизими юритилади, шунингдек қарздорликлар суд тартибида ундирилади;

иккинчидан, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш ички ишлар органлари томонидан, бу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш эса Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

 

2020 йил 1 декабрдан бошлаб бир қатор ўзгартиришлар киритилади:

а) қуйидаги маблағларни тақсимлашнинг янги тартиби белгиланади:

  • жиноят натижасида давлатга етказилган зарарни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар;
  • давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар ҳамда давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар;
  • давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишдан келиб тушган маблағлар.

Маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланади, сўнгра «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисобрақамларга пропорционал тартибда Тошкентда 30%и ва республиканинг бошқа ҳудудларида 50%и миқдорида ўтказилади. Қолган қисми олувчилар ва бюджет тизими бюджетлари даражалари ўртасида тақсимланади;

б) маъмурий жаримани қўллаш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари МИБ органларига жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугаганидан сўнг тақдим этилади. Ижро ҳужжатларига жаримани ихтиёрий тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда унга маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорнинг топширилганлиги ёки юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мажбурий тартибда илова қилинади;

в) мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30%лик чегирма билан, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк эса ҳудудий кенгашлар қарорига мувофиқ 50%гача чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади. Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бундан мустасно;

г) мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғимининг қуйидаги янги миқдорлари белгиланади:

  • ундирув суммаси 1 000 БМҲдан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 5%и;
  • ундирув суммаси 1 000 БҲМдан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 2%и.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ижро йиғими қарздор-жисмоний шахсдан ундириладиган сумманинг 1%ини ҳамда қарздор-юридик шахсдан ундириладиган суммасининг 2%ини ташкил этади.

Ижро йиғими қўлланилган ижро ишлари бирлаштирилган тақдирда, йиғим миқдори ўзгартирилмайди;

д) МИБ органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига айрим ажратмалар қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • МИБ ходимлари томонидан қўлланиладиган ижро йиғими суммаларининг 100%и;
  • ижро иши юритиш бўйича Давлат бюджетига ундирилган суммаларнинг (қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарзини ундириш бундан мустасно) 5%и.

 

2021 йил 1 мартдан бошлаб:

а) қарздорлар алиментларни Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали тўлашлари мумкин бўлади. Пуллар алоҳида банк ҳисобварағига келиб тушади, сўнгра МИБ томонидан расмийлаштирилган олувчининг банк картасига ўтказилади;

б) ижро ҳужжатларининг мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилади;

в) ижро ҳужжатларида мажбурий тартибда қуйидагилар кўрсатилади:

  • Ўзбекистон фуқароларининг ЖШШИРи ҳамда бошқа жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларининг реквизитлари;
  • қарздор-юридик шахснинг СТИРи.

 

Қонун ижодкорлиги ишлари кўлами режалаштирилди. Хусусан, 3 ой муддатда суд ҳужжатларини давлат томонидан мажбурий таъсир чоралари қўлланилмаган ҳолда ихтиёрий равишда ижро этиш институти қўлланилишини кенгайтирадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. 2021 йил 1 сентябрга қадар Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.11.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.