23 март куни Президент томонидан «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:
- фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
- нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади;
- тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
- қуйидагилар соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади:
а) давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар;
б) давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда);
- қуйидагилар:
а) хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;
б) давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда ЯИДХП орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади;
в) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинади;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Агентлик ва давлат хизматлари марказларидан сўраш тўхтатилади.
Шунингдек 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:
а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:
- руҳий касалликлар бўйича диспансер ва наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- манзил-маълумот ахбороти;
- турар жойнинг майдони;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- пенсия ва нафақа миқдори;
- пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
б) қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади. Ҳужжат ёки маълумотларнинг талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланади.
2021 йил 1 майдан бошлаб хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божи тўловини электрон тарзда ЯИДХП орқали қабул қилиш имкони яратилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга ошириш тизими жорий этилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда юритишга ўтилади, бунда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади. Солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Айрим турдаги маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда бериш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати;
- 2021 йил 1 майдан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра кўрсатилган давлат хизматининг натижаси почта алоқаси орқали етказиладиган давлат хизматлари рўйхати;
- Айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўйича «Йўл харитаси».
Эльмира Сиразиева