Президентнинг 10.09.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПФ-6311-сон Фармони қабул қилинди.
У билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
биринчидан, Президентнинг 2.12.2016 йилдаги ПФ-4861-сон Фармонининг 5-бандида 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), АҚШ ва Вьетнамнинг фуқаролари учун $50 миқдорида йиғим бекор қилинди.
Иккинчидан, Президентнинг 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон Фармонига 1, 2-иловалар 201 ва 211-бандлар билан тўлдирилди, уларга асосан 16 ёшга тўлган фуқароларга идентификация ID-карталари берилганда улар бир вақтнинг ўзида солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилади. Фуқаронинг биографик маълумотлари ўзгариши муносабати билан ID-карта алмаштирилганда бу ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида ДСҚ ва АТ "Халқ банки"га тақдим этиб борилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини расмийлаштириш схемаларининг янги таҳрири таҳрири тасдиқланди.
Учинчидан, Консуллик йиғимлари тарифида (Президентнинг 24.12.2013 йилдаги ПҚ-2095-сон қарори билан тасдиқланган):
а) 4-моддасининг изоҳи хатбоши билан тўлирилди, унга мувофиқ Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 1 йил муддатгача кўп марталик визани расимйлаштириш учун консуллик йиғими $175 миқдорида ундирилади, башарти Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан паритет принципи қўлланилган ҳолда;
б) 12-модданинг “Махсус рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун ишончномани тасдиқлаш учун” устунида йиғим миқдори белгиланган:
- эрга (хотинга), ота-онага, болаларга ва набираларга белгиланган ставканинг 5%и;
- ака-укалар ҳамда опа-сингилларга белгиланган ставканинг 15%и.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарори билан тасдиқланган) 17-банди хатбоши билан тўлдирилди, унга мувофиқ фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш юзасидан ариза-анкетани ЯИДХП орқали электрон тарзда юборишлари мумкин. Бунда, ариза-анкетани электрон рақамли имзо ёки шахсни идентификациялашнинг бошқа воситалари билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.09.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.