Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2023 йилдаги “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 35-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан чет эл фуқароларини миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларида вақтинча рўйхатга олиш учун ягона муддат ўрнатилмоқда – 3 кун ичида.
Шунингдек, мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган, шунингдек, бошқа қоидабузарликларга йўл қўйган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасасида вақтинча рўйхатга олишни фақат ички ишлар органларидан рухсат олингандан кейин амалга ошириш тартиби бекор қилинмоқда. Эндиликда бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг маъмурияти, хусусий уй-жой эгалари ҳудудий ички ишлар органларига «E-mehmon» дастури орқали хабар берган ҳолда жойлаштиради.
Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.01.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.