Марказий банк бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди (18.11.2024 й. АВ рўйхат рақами 3294-1).
Низом «MCC-код» тушунчаси билан тўлдирилмоқда. У савдо ва хизмат кўрсатиш фаолият турини таснифлайди.
Банклар тўлов терминалларини техник жиҳатдан мижозга бириктириш пайтида унинг фаолияти туридан келиб чиқиб МCC-кодларини, терминал ва тўлов тури, мижознинг идентификация маълумотлари ва тўлов тизими оператори қоидаларида белгиланган тегишли маълумотларни банк ахборот базасига киритиши лозим.
Бунда мижознинг фаолият тури ва тегишли маълумотлари ўзгарган тақдирда, мижоз 3 банк иш кунида хизмат кўрсатувчи банкига тегишли маълумотни тақдим этади ва банк томонидан 1 иш куни мобайнида мижозга бириктирилган терминал маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.11.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев