29.12.2017 йилдаги ЎРҚ–454-сон Қонун билан Солиқ кодексига тегишли тузатишлар киритилди.
СКнинг 208-моддасида ҚҚСдан озод этиладиган реализация қилиш оборотлари акс эттирилган, улар орасида қуйидагилар келтирилган:
- гидрометеорология ва аэрология ишлари;
- геология ва топография ишлари;
- босма маҳсулотлар, шунингдек босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш билан боғлиқ таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари);
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг, унинг таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг асосий фаолиятига доир маҳсулот ва хизматлар;
- ваколатли давлат органининг ихтисослашган экспертиза бўлинмалари ўтказадиган экологик экспертиза хизматлари.
2018 йил 1 апрелдан бошлаб юқорида санаб ўтилган ишлар ва хизматлар турларини реализация қилиш оборотлари имтиёзланадиганлар жумласидан чиқариб ташланди. Улардан ҚҚС белгиланган тартибда тўланади.
Имтиёзлар фақат босма маҳсулотлар – миллий валюта (купюра), китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомлари учун сақланиб қолинади.
Бундан ташқари, 2017 йилда қонунчилик билан белгиланган рўйхат бўйича импорт қилинган ёғоч-тахта материаллари ва ёғочнинг божхона расмийлаштирувида импорт қилувчилар ҚҚС тўламас эдилар. Бунда мазкур имтиёз ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар томонидан қўлланилиши мумкин эди.
Ушбу имтиёз 2018 йилда ҳам сақланиб қолинди. Бироқ СКнинг 211-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра 2018 йилнинг 1 апрелидан у фақат юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур товарлар импортида божхона қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда ҚҚС тўлашлари керак бўлади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Музаффар Мирзағаниев.