Президентнинг 3.07.2018 йилдаги «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3832-сон қарори имзоланди. Бу ҳақда Telegram (@IPCUzbekistan) мессенжеридаги Халқаро матбуот-клуби каналида хабар қилинди. Ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги учун янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда дастлабки қадам бўлди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Крипто-активлар обороти
Қарорда «крипто-активлар» атамасига аниқ таъриф берилмаган. Бироқ амалиётда «блокчейн» технологиялари асосида яратилган рақамли товарлар шундайлардан ҳисобланади. Бундай активларга қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган «крипто-валюталар» ҳам киради.
Муҳим жиҳати шундаки, «блокчейн» технологиялари бўйича ахборот компьютерлари умумий серверга уланмаган тақсимланган маълумотлар базасида сақланади. Натижада ахборот бир вақтнинг ўзида ҳамма жойда сақланади. Шу боис маълумотлар базасининг барча иштирокчиларини хабардор қилмасдан ахборотни ўзгартириб бўлмайди. Бу эса дастур коди (унинг қисмлари) қимматини янада оширади ва уни ўзига хос бир валютага айлантириб қўяди. У бирор-бир давлатнинг мажбуриятлари ёки активларига бириктирилмаган, бироқ кўпчилик томонидан қабул қилинаётганлиги туфайли ўз қимматига эгадир.
Бугунги кунга қадар крипто-активлар қонунчилик доирасидан четда бўлган. 2018 йил 1 октябрдан бошлаб уларнинг обороти Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан мажбурий тартибда лицензияланиши шарт. Қарорнинг 1 ва 4-бандларининг мазмун-моҳиятига кўра лицензиялаш қуйидагиларни қамраб олиши мумкин:
- майнинг – тақсимлаш платформасини таъминлаш ҳамда янги бирликлар форматидаги мукофотлар ва турли криптовалюталардаги воситачилик йиғимларини олиш мумкин бўладиган янги блокларни яратиш фаолияти;
- смарт-контрактлар – электрон шаклдаги шартномалар тузилиши, улар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар рақамли транзакцияларни автоматик тарзда амалга ошириш орқали бажарилади;
- консалтинг, эмиссия, айирбошлаш, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш, суғурталаш, крауд-фандинг (жамоавий молиялаштириш), шунингдек турли шаклдаги инвестицион ва тадбиркорлик фаолиятини диверсификациялаш учун «блокчейн» технологиялари;
- крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржаларни ташкил қилиш.
Бу Ўзбекистонда криптовалюталар билан лицензиясиз шуғулланиш ноқонуний эканлигини англатади. Фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси (ЭКИҲнинг 30 бараваригача жарима) ва Жиноят кодексининг 190-моддаси (480 соатгача жамоатчилик ишлари) бўйича жавобгарлик назарда тутилган.
Бу – муҳим! Қонунга риоя қиладиган субъектлар учун бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.
Биринчидан, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентлар томонидан амалга ошириладиган крипто-активлар обороти билан боғлиқ операциялар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди, мазкур операциялардан олинган даромадлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди;
Иккинчидан, крипто-активлар обороти соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахслар томонидан амалга ошириладиган крипто-активлар обороти билан боғлиқ валюта операцияларига валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилмайди.
«Блокчейн» технологияларининг турли соҳаларга татбиқ этилиши
1.01.2021 йилдан ахборотни сақлаш ва ишончлилигини таъминлаш имкониятлари катта бўлганлиги боис «блокчейн» технологиялари қуйидагиларга жорий қилинади:
- давлат органлари фаолиятида, шу жумладан бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат харидларини амалга оширишда, давлат хизматлари кўрсатишда, шахс тўғрисидаги маълумотларни верификациялашда (тасдиқлашда);
- давлат реестрлари, классификаторлар ва бошқа маълумотлар базаларини юритишда, шу жумладан уларга киритилган маълумотларни актуаллаштириш ва фойдаланишда;
- устав фондида давлат улуши устун бўлган йирик тижорат ташкилотларини корпоратив бошқариш тизимига, шу жумладан бизнес-жараёнларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш, маъмурий ва операцион жараёнларни оптималлаштириш, шунингдек замонавий менежментни жорий қилиш ва ресурсларни бошқаришда;
- клиринг операцияларида, тўловларни амалга оширишда, савдони молиялаштиришда (аккредитив), шунингдек лойиҳаларни кредитлашда.
Бундан ташқари, 1.01.2019 йилга қадар муддатда «Рақамли иқтисодиёт тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади, у блокчейн технологияларидан фойдаланишни тартибга солади.
Блокчейн технологиялари ва крипто-активлар оборотини жорий қилишнинг юридик муаммолари ҳамда бу борадаги хориж тажрибаси ҳақида бу ерда билиб олиш мумкин.
Самир Латипов.