Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш истиқболлари ТИФ шартномалари бўйича бажарилган ишлар далолатномасини қандай ҳужжат билан алмаштириш мумкин Устав фондига ҳисса сифатида келиб тушган номоддий активлар қандай ҳисобга олинади

2018 йил учун пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши тартиби белгиланди

30.01.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 25.01.2018 йилдаги 53-сон «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил пахта хом ашёси ҳосилидан бошлаб эксперимент ўтказилмоқда: маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс беришлари мумкин (Президентнинг 14.12.2017 йилдаги ПФ-5285-сон Фармонига қаранг).

 

Ҳукумат экспериментнинг бевосита қатнашчилари бўлган 13 та корхона — пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларининг рўйхатини тасдиқлади. Улар учун қўшимча равишда қатор шартлар киритилган.

 

Биринчидан, мазкур ташкилотлар ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланишга, ҳосилдорликни оширишга ва етиштириладиган пахта хом ашёсининг ўз вақтида йиғиб-териб олинишига кўмаклашади, шунингдек, унинг чуқур қайта ишланишини ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кўпайтирилишини таъминлайди.

 

Иккинчидан, уларга нисбатан лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа материал ресурслар етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ҳамда тартиб татбиқ этилади.

 

Учинчидан, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши доирасида ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган пахта толаси ихтиёрий асосда сертификатланади. Умумий тартибда  пахта толаси мажбурий сертификатланиши лозим.

 

Тўртинчидан, ишлаб чиқарилган пахта толасининг ўз ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжларидан ошадиган ҳажмлари ташкилотчи томонидан тўғридан-тўғри контрактлар ёки биржа савдолари орқали бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилиши мумкин.

 

Ҳужжат билан ишлаб чиқариш жараёнини молиялаштириш схемаси тасдиқланди. Банклар 2018 йилда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлайди. Кредитлар миқдори – пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришни молиялаштириш учун ҳисоб-китоб эҳтиёжининг камида 60%и (давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликлари учун амалдаги шартлар инобатга олинган ҳолда  ҳисобланади), йилига 3%дан ортиқ бўлмаган фоиз ставкаси бўйича ва давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликларини молиялаштириш учун назарда тутилган шартлар асосида.

 

Бунда фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоблар ташкилотчилар томонидан қуйидаги шартларда амалга оширилади:

  • аванс бериш –контрактация шартномаларида кўзда тутилган миқдорлар ва шартларда;
  • фермер хўжаликлари билан харид қилинадиган пахта хом ашёси қийматининг 90%идан кам бўлмаган миқдори бўйича якуний ҳисоб-китоблар – 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб декабрь ойига қадар;
  •  қолган қисми - 2019 йилнинг 1 апрелигача;

 

Бу - муҳим! Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши учун пахта хом ашёсини етиштириш мақсадида ажратиладиган маблағлар мақсадли бўлиб, улар:

  • фермер хўжалигининг махсус ҳисобварағига ўтказилади;
  • янги пахта хом ашёси ҳосили етиштириш учун фақат зарур товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун фойдаланиш мумкин ва янги ҳосилни етиштириш билан боғлиқ бўлмаган илгари юзага келган мажбуриятларни қоплашга йўналтирилиши мумкин эмас.

 

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши қатнашчилари (ташкилотчилар ва фермер хўжаликлари) томонидан  олинадиган ва бериладиган, ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни сотиш бўйича оборотлар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мулк, шунингдек, соф даромад тақсимоти солиқ солинадиган объектлар ҳисобланмайди.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 26.01.2018 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

 



  Олег Заманов.

Валюталар курси

2024-09-23
  • USD:12729.83 (+0.00) сум
  • EUR:14207.76 (+0.00) сум
  • RUB:137.46 (+0.00) сум