Президентнинг 19.12.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат иловаларсиз ЎзАда жойлаштирилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури тасдиқланди. У ўз ичига капитал қўйилмаларнинг асосий параметрлари, ижтимоий, уй-жой, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларини ишга тушириш прогнози ҳамда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш манзилли дастурини олади.
Шу билан бир қаторда, келаси йил учун қуйидагилар тасдиқланди:
биринчидан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, объектлар қуриш ва уларни реконструкция қилиш манзилли дастури;
иккинчидан, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган:
- мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, техникалар харид қилиш манзилли дастури;
- автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, объектларни жиҳозлаш ва техникалар харид қилиш манзилли дастури;
- олий таълим муассасалари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, тиббий, илмий-тадқиқот, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли дастурлари;
- ичимлик суви таъминоти ва канализациятизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида лойиҳаларни молиялаштиришни ташкил қилган ҳолда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш манзилли дастури;
учинчидан, давлат кафолати билан хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
бешинчидан, тармоқ инвестиция лойиҳалари доирасида инвестицияларни ўзлаштириш йиғма манзилли дастури;
олтинчидан, марказлаштирилмаган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган:
- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган тармоқ инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
- тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
еттинчидан, қуйидагилар:
- лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлашни жадаллаштириш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати;
- кўриб чиқиладиган истиқболли инвестиция ва инфратузилма тармоқ лойиҳалари рўйхати;
- лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган ҳамда тасдиқланадиган, қурилиши ва реконструкция қилиниши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилаётган объектлар рўйхати;
- лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилаётган ижтимоий соҳа объектлари рўйхати .
Лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб экспертизадан ўтказилгандан кейин лойиҳалар (объектлар) юзасидан рўйхатларга ва капитал қўйилмалар лимитларига (қийматига) аниқлик ва тузатишлар киритилиши мумкин. Бу ЛБМА билан келишилган ҳолда Бош вазирнинг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарининг қарорлари билан амалга оширилиши мумкин.
Лойиҳалар (объектлар) бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар Ҳукуматнинг қарорларига асосан киритилади.
Қурилиш ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларига зарур ваколатга эга бўлмаган шахсларнинг аралашуви тақиқланди.
Олег Заманов.