Ўзбекистон Республикасининг ташқи сектори статистикасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли қўшимчалар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, ташқи сектор статистикаси – тўлов баланси ва халқаро инвестиция позицияси, ялпи ташқи қарз ва қарзга хизмат кўрсатиш жадвали, халқаро захиралар, товарларнинг халқаро савдоси ва айирбошлаш курсларини ўз ичига олувчи маълумотлар тоифаси. Бошқалар қатори, мамлакатимизга кирувчи ва ундан чиқувчи Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларининг сони ҳисобга олинади.
Сервер ускунаси модернизация қилингандан кейин ДХХ Чегара қўшинлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази 2021 йил 1 январдан бошлаб камида 24 соатга кетувчи/келувчи хорижий фуқаролар ва ҳамюртларимиз сони ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим этади.
Маълумотлар бир ойда келувчилар/кетувчилар умумий сони ҳақидаги ахборотга қўшимча равишда тузилади. Қуйидагилар ҳисобга олинади:
- сафардан мақсад: хизмат, ўқиш, иш, туристик, қариндошларникига бориш, даволаниш, доимий яшаш учун, тижорат, транзит, бошқалар;
- фуқаролар ва хорижий фуқароларнинг жинси ва ёши тавсифи;
- чегарани кесиб ўтиш усули (аэропорт, темир йўл, автотранспорт), шу жумладан қаердан кесиб ўтганлиги: Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ёки Қирғизистон билан чегара орқали.
Шунга асосан солиштирма динамикада туристик хизматлар (сафар) экспорти ва импорти кўрсаткичлари шакллантирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.08.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.