Соғлиқни сақлаш вазирининг 6.02.2018 йилда 2970-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан Этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом 96 (шу жумладан 96,1-96,6) фоизли этил спиртига нисбатан татбиқ этилади. Тасдиқланган қоидалар тиббий ва фармацевтика фаолиятини амалга оширувчи барча ташкилотлар, шу жумладан даволаш-профилактика муассасалари ва уларнинг дорихоналари (бундан кейин – тиббий ва фармацевтика фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар) учун мажбурийдир.
Эътибор беринг! 70 фоизли этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи ва чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар асосида амалга оширилади (шарҳга қаранг).
Реализация қилиш
Спирт фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, шунингдек улгуржи реализация қилувчи ташкилотлар томонидан реализация қилинади. Спирт фақат тиббиёт амалиётида қўллаш учун тиббий ва фармацевтика ташкилотларига уларнинг спиртга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида реализация қилинади.
Бу – муҳим! 96%ли этил спиртини чакана реализация қилиш тақиқланган.
Ҳисобга олиш ва бериш
Спиртни ҳисобга олиш, сақлаш ва бериш ташкилот раҳбари тайинлайдиган масъул шахс зиммасига юклатилади. Низомда тасдиқланган шакл (ип ўтказиб тикилган ва варақларига тартиб рақамлари қўйилган) бўйича махсус китобда ҳисоб юритилади.
Ҳар ойнинг 3-санасигача спиртнинг табиий йўқотилиши ҳисоблаб чиқилади ва ҳисобдан чиқарилади. Унинг миқдори Спиртнинг табиий йўқотиш нормаларига (15.11.2013 йилда 2524-сон билан рўйхатдан ўтказилган Биринчи гуруҳга этил спиртини етказиб бериш, қабул қилиш, сақлаш ва бериб юбориш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 10-илова) мувофиқ белгиланади.
Сақлаш
Спирт қуйидагича сақланиши керак:
- реализация қилувчиларда – омборларда;
- тиббий ва фармацевтика ташкилотларида – омборларда ёхуд дори воситалари сақланадиган хоналарда қулфланадиган жавонларда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 8.05.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.