Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2018 йилдаги 124-сон «Адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Янги қурилиш ва таъмирлаш ишлари
2018 — 2019 йилларда адлия органлари ва муассасаларининг биноларини қуриш ва таъмирлаш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқланди, у ўз ичига 2 йўналишни олади:
- Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон адлия вазирликлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри адлия бошқармаларининг биноларини қуриш ва таъмирлаш;
- ФҲДЁ органлари биноларини қуриш ва таъмирлаш.
Адлия вазирлиги, зарурат туғилганда, Дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан давлат-хусусий шерикчиликни жорий этиш бўйича вазифалардан келиб чиқиб, объектларни алмаштириш ҳуқуқига эга.
Мазкур Дастурни амалга ошириш доирасида:
- буюртмачилар этиб — Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари;
- бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар этиб — ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича ғолиблар;
- молиялаштириш манбалари этиб — Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Тошкент давлат юридик университетида (ТДЮУ) ўқитишнинг оширилган тўлов-контракт суммалари ҳисобидан тушадиган маблағлар, ҳомийлик ва халқаро донорларнинг техник ёрдам маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар белгиланди.
Молиялаштириш ва маблағларни тақсимлашдаги ўзгаришлар
ТДЮУ 2017/2018 ўқув йили учун тўлов-контрактлар шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг бир қисмидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар ўтказишдан озод қилинди.
1.03.2018 йилдан бошлаб адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божлари суммасининг 8%и), шу жумладан ТДЮУда ўқитишнинг оширилган тўлов-контракт суммасини тўлашдан тушадиган маблағлар адлия вазири томонидан (Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда) бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий тафовутни қоплашга йўналтирилиши мумкин.
Шу муносабат билан қонун ҳужжатларига тегишли қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 17.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Зумрад Ниязметова,
адвокат.