Вазирлар Маҳкамасининг 23.04.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 255-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- интенсив (маҳсулдор) мевачилик, узумчилик, иссиқхона хўжаликларининг барқарор ривожланишини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган мақсадли комплекс дастурларни амалга ошириш;
- замонавий ресурс тежовчи технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаган ҳолда интенсив (маҳсулдор) боғлар ва иссиқхона хўжаликлари майдонларини кенгайтириш чораларини кўриш;
- соҳада илм-фан ютуқлари, илғор илмий ишланмалардан фойдаланиш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни саноатлаштириш чораларини кўриш;
- боғ қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
- соҳада «даладан дастурхонгача» тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини жорий этиш;
- мева, узум ва бошқа навларнинг миллий брендларини яратиш чораларини кўриш.
Шунингдек, Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан республикадаги янги боғларни тижорат банклари орқали молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда янги боғ ва токзорлар барпо этиш, мева ва узум маҳсулотларини замонавий усулда саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳалари учун кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Лойиҳаларни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига миллий валютадаги кредит маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз банд юқори бўлган ставкада (шу жумладан, тижорат банкининг 4 фоизлик маржаси) уч йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилади.
Кредит маблағлари кредит олувчига:
- биринчи босқичда ер майдонини экишга тайёрлаш учун имтиёзли кредитнинг 10 фоизигача миқдорда;
- иккинчи босқичда кўчат сотиб олиш ва экиш харажатларига имтиёзли кредитнинг 40 фоизигача миқдорда;
- учинчи босқичда суғориш тизимларини ўрнатиш харажатларига имтиёзли кредитнинг 30 фоизигача миқдорда;
- тўртинчи босқичда боғ ҳосилга киргунга қадар 3 йил парваришлаш харажатларига имтиёзли кредитнинг 20 фоизи миқдорида ажратилади.
- Бунда янги боғ ва узумзорларни барпо этиш ҳамда мева ва узум маҳсулотларини замонавий саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳанинг ТИАда кўзда тутилган ер майдонига мутаносиб равишда, аммо 1 гектарга кўпи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошмаган миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бундан ташқари, қуйидагилар тасдиқланмоқда:
- Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом;
- Республика ҳудудларида янги индустриал интенсив (ҳосилдор) боғлар ва узумзорлар барпо этиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва узумзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низом.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев