Президентнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
- www.norma.uz
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Аҳоли янги қонунлар ҳақида қандай билиб олади?
Аҳоли янги қонунлар ҳақида қандай билиб олади?
09.02.2017

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб ўрнатиладиган тартибга кўра:
- қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шарт;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжат назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ёки ташкилоти, шунингдек мансабдор шахслар томонидан имзолангандан кейин, уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланади;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали) қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади;
- Адлия вазирлиги бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлайди;
- давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ахборот-таҳлилий материаллари асосида, қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.
Шу муносабат билан Адлия вазирлиги тузилмасида қуйидаги бошқармалар ташкил этилди;
- Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони тегишли равишда 10 ва 28 штат бирлик бўлган Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларидаги ҳудудий бўлимлари;
- Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (7 бирлик).
Идоранинг зиммасига кўрсатилган соҳада қўшимча вазифалар ва функциялар юклатилди.
Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик судига Конституциявий суд қарорларини, Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумларининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериш тўғрисидаги қарорларини улар имзоланган кундан эътиборан бир кун ичида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказига юбориш тавсия этилди. Ўз навбатида Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг электрон версияларини улар кучга кирган кундан эътиборан бир кун ичида юборади. Кейинчалик санаб ўтилган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари Миллий базасига жойлаштирилади.
Бундан ташқари, база доирасида энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги маълумотлар банкини яратиш режалаштирилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни ва у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.
Янги сонларда ўқинг

- Экспорт тартиб-таомиллари ЖСТ талабларига мувофиқлаштирилмоқда
- Ижтимоий таътиллар кимларга ва қандай тақдим этилади
- Вахта усулида ишловчи ишчиларга меъёрдан ортиқча компенсация тўловларини тўлаш
- Иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизими ислоҳ қилинмоқда
- Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қандай тақдим этилади