Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2018 йилдаги 70-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тўғрисида низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Президентнинг 12.12.2017 йилдаги ПФ–5278-сон Фармони билан ташкил этилди. Шунингдек 1.01.2018 йилдан «ягона дарча» ягона марказлари Президентнинг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.
Агентлик Адлия вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолиятни амалга оширади. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- давлат хизматлари кўрсатиш таомилларини соддалаштириш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш;
- Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш;
- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш ва бошқалар.
Агентликнинг ҳудудий бошқармалари Давлат хизматлари марказларини назорат қилади
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бошқармалари мавжуд бўлиб, қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- Давлат хизматлари марказлари фаолияти устидан раҳбарлик қилади, уларни молиялаштиришни, шунингдек моддий-техник таъминланишини ташкил қилади;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил қилади;
- Давлат хизматлари марказлари томонидан қонун ва қонуности ҳужжатлари, шунингдек Агентликнинг буйруқлари ижроси юзасидан назоратни таъминлайди.
Агентлик давлат органларини текширади ва тақдимномалар киритади
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текширишга ҳақлидирлар. Текширув натижаларига кўра уларнинг раҳбарларига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
Маълумот учун: Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент ш., Амир Темур шоҳкўчаси, 14-уй.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.