Молия вазирининг буйруғи (27.02.2018 йилда 1725-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Актуарий малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди.
Маълумот учун. Актуарий – актуар ҳисоб-китоблар назариясини эгаллаган, суғурта математикаси бўйича мутахассис. Суғурта ҳодисаси рўй бериши математик эҳтимолини, суғурта хизматлари таннархини ҳисоблаш, суғурталашнинг ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини белгилаш ва ҳ.к. хизматларини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, актуарий сертификатини олиш учун шахс белгиланган йўналиш ва ихтисосликлар бўйича олий маълумотга эга бўлиши шарт. Чиқарилган буйруқ билан амалдаги рўйхат иккита ихтисослик билан тўлдирилди:
- статистика (тармоқлар ва соҳалар бўйича);
- суғурта иши.
Шу билан бирга, актуарийда муайян таълим йўналиши (коди) мавжуд бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди. У билимлар қўлланиладиган тармоқ ва соҳага боғлиқ бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 28.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.