Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг янги тартиблари белгиланди. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган лицензия талаблари кучайтирилди. Президентнинг 5.02.2019 йилдаги тегишли Фармони ЎзА сайтида эълон қилинган.
Янгича тартибот
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг янги тартиблари белгиланган норматив ҳужжат лойиҳаси ҳақида илгари ёзган эдик. Таклиф қилинган нормалар ўзгартириш ва қўшимчалар билан қуйидаги кўринишда қабул қилинган:
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (мазкур Фармон билан ташкил қилинди; бундан кейин – Инспекция) томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади;
- алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар маҳсулотни фақат улгуржи ташкилотларга реализация қилади, пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно;
- барча юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланишга ҳақли;
- маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш барча савдо корхоналари, шунингдек, меҳмонхоналар хизматларини ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин;
- Инспекция ҳузуридаги этил спирти сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар, уларнинг тегишли тарзда ишлаши учун зарур техник шароитларни таъминлайдиган истеъмол этил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлашади;
- ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмол этил спиртини реализация қилиш 100 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилади;
- алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар олдиндан тўловни амалга оширмасдан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқига эга;
- алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмол этил спиртини Инспекция томонидан тақсимланган ҳажмлардан ортиқча ҳажмда харид қилиш Инспекцияни белгиланган тартибда хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш ишлаб чиқарувчилар томонидан бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча лицензия талаблари жорий этилди
Белгиланишича, Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишга илгари берилган лицензиялар 2019 йил 1 июлгача ҳақиқий ҳисобланади. Уларнинг барчаси, амал қилиш муддатидан қатъи назар, янги лицензия талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилиши шарт.
Айни пайтда Этил спирти ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом билан лицензия талаблари белгиланган. 2020 йил 1 январдан бошлаб ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:
- уч йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратиш, келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги уч йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75%ига мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;
- ароқ ҳамда истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60%идан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;
- ароқ ишлаб чиқармайдиган корхоналарда истеъмол этил спиртидан ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш.
Бунда узум, мевалар ва резавордан тайёрланган алкоголь маҳсулотларига минимал ишлаб чиқариш ҳажми бўйича лицензия талаби ўрнатилмайди.
Олег Гаевой.